Сирдарёда тиббиётни рақамлаштириш қандай натижа бермоқда?
2026-04-17 15:10:00 / Янгиликлар

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов иштирокида Сирдарё тумани соғлиқни сақлаш бўлимида ҳудуддаги тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги икки йилда вилоятдаги мавжуд 174 та давлат тиббиёт муассасасининг барчаси АКТ ва тармоқ қурилмалари, 2100 дан зиёд моноблок, 900 га яқин планшет ҳамда бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Вилоят шифо масканларида DMED ягона электрон ахборот тизими йўлга қўйилиб, беморларни рўйхатга олиш ҳамда тиббий кўрик натижалари электрон шаклда юритилмоқда. Жумладан, бу борадаги ишлар Сирдарё туманида ижобий самара беряпти.
Қайд этилишича, ушбу ҳудуд Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, юртимизнинг намунавий 15 та тумани (шаҳар) қаторига киритилиб, бу ерда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда.
Хусусан, дастур доирасида туман соғлиқни сақлаш бўлими ташкил қилиниб, мавжуд бирламчи тиббиёт муассасалари оилавий поликлиникаларга айлантирилди. Шундан 4 тасига 2-тип, 11 тасига 1-тип ҳамда 3 тасига оилавий поликлиника филиаллари мақоми берилди.
Рақамлаштириш жараёнларини йўлга қўйиш мақсадида шифо масканларидаги локал тармоқ, ахборот-коммуникация ва компьютер жиҳозлари тўлиқ хатловдан ўтказилди ва эҳтиёж асосида зарур техникалар билан таъминланди. Шунингдек, тумандаги 1100 нафарга яқин тиббиёт ходимининг ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича кўникмалари мустаҳкамланди.
Тадбирда ҳудуддаги ижобий ҳолатларни намуна сифатида кўрсатиб ўтиш баробарида, мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Қайд этилганидек, яқинда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари этиб тайинланган В.Худойқулов зиммасига бирламчи тиббий ёрдамни такомиллаштириш, соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ қатор устувор вазифалар юклатилган. Тадбирда унинг бу борадаги масъулияти юқори экани таъкидланиб, белгиланган топшириқларни сифатли амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбир сўнгида соҳани рақамлаштиришда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳамширалар вазирликнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



