Экология хавфсизлик — давлат ва жамият барқарор ривожланишининг муҳим шартидир.
2026-02-27 20:00:00 / Янгиликлар

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги глобаллашув шароитида экологик муаммолар инсоният олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликнинг қисқариши жамият барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда.
Ўзбекистон Республикасида экологик хавфсизликни таъминлаш конституциявий даражада кафолатланган. Экологик муносабатларнинг конституциявий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган бўлиб, унда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Шу билан бирга Конституциямизнинг 62-моддасида, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.
Эндиликда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликни тушунчасига эътибор берадиган бўлсак, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарлик — бу табиий ресурслардан фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини бузиш билан боғлиқ ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизликдир.
Экологик қоидаларни бузиш кўп ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида квалификация қилинади. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, экологик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар кодексининг 65-96-моддаларини ўз ичига қамраб олади, булар орасида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, сувдан фойдаланиш тартибини бузиш, чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесиш, ов ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш ва бошқалар киради.
Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жаовбгарлик ҳам белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 14-боб “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар” деб номланган бўлиб, у ўз ичига 193-204-моддаларини қамраб олади.
Мазкур жиноятлар орасида экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш, атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш; атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик; атроф табиий муҳитни ифлослантириш; фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш; ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш; суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик; экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш; ўсимликлар касалликлари ёки зараркунандалари билан кураш талабларини бузиш; зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш; ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш; сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш; муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш каби кенг тарқалган.
Экологик соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни келиб чиқишнинг қуйидаги асосий сабаблар ҳисобланади.
Биринчидан, фуқароларнинг экологик маданият пастлиги;
Иккинчидан, иқтисодий манфаат устунлиги;
Учинчидан, назорат қилувчи органлари фаолиятидаги камчиликлар мавжудлиги.
Тўртинчидан, профилактик тадбирлар етарли эмаслиги.
Экологик соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Биринчидан, экологик назоратни кучайтириш;
Иккинчидан, рақамли мониторинг тизимларини жорий қилиш;
Учинчидан, мактаб ва ОТМларда экологик таълимни кучайтириш;
Тўртинчидан, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш.
Хулоса қилиб айтганида, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий хавфли ҳодисадир. Қонун талабларига қатъий риоя қилиш, жавобгарликни муқаррар таъминлаш ва профилактик чораларни кучайтириш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мумкин.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё
туман судининг тергов судьяси
С.Рустамов
Девонхона мудири
М.Раимбердиев
