Сирдарё: сув тежовчи технологиялар — аграр самарадорлик омили
2026-02-12 14:00:00 / Янгиликлар

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф дастурига мувофиқ, дастлаб "Пинг Шенг Агро Теч" кластерига қарашли “Лессо” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан танишилди. Мазкур корхонада сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Хусусан, томчилатиб суғориш тизимлари учун шланглар, қувурлар, техник ускуналар ҳамда трансформаторларгача бўлган жиҳозлар тайёрланмоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20 минг гектар майдонни қамраб олиш имконини беради. Айни пайтда эса 6 минг гектар ер майдони учун етарли маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Вазир корхона фаолияти билан танишиш жараёнида унинг аграр соҳада ўрни катта экани, айниқса сув тежовчи технологияларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш орқали фермерлар харажатларини камайтириш, замонавий суғориш тизимларини кенг жорий этиш ҳамда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилаётгани таъкидлади.
Шунингдек, вазир фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда инновацион агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Шинжон тажрибаси асосида пахта етиштириш технологияларини жорий этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
лбатта, бундай лойиҳалар аграр соҳада замонавий технологиялар улушини ошириш, фермерлар самарадорлигини кучайтириш ҳамда рақобатбардош маҳсулот етиштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.




