Бош вазир ўринбосари “Мурувват” аёллар интернат уйида
2025-12-31 14:00:00 / Янгиликлар

Янги йил байрами муносабати билан Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова Сирдарё туманида жойлашган ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар “Мурувват” интернат уйида бо'лди.
Муассасада истиқомат қилаётган хотин-қизлар учун яратилган яшаш ва парвариш шароитлари, тиббий ҳамда ижтимоий хизматлар сифати, реабилитатсия ва соғломлаштириш машғулотлари, шунингдек, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишилди. Байрам тадбири доирасида интернат уйида яшовчи аёлларга байрам совғалари топширилиб, уларга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилди.
Маълумот учун, мазкур “Мурувват” интернат уйида ҳозирги кунда 273 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз доимий парвариш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан қамраб олинган. Муассасада уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда меҳнат кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Якунда Зулайҳо Махкамова ногиронлиги бўлган аёллар учун хавфсиз ва қулай муҳитни янада яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳаёт сифатини ошириш, шунингдек, байрамлар орқали меҳр-оқибат ва инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади.



