Маълумки, якунланаётган йилнинг 24 декабр куни қабул қилинган “2026–2030 йилларга мўлжалланган
2025-12-25 20:00:00 / Янгиликлар

Сабаби болалар — жамиятнинг энг нозик ва ҳимояга муҳтож қатлами. Афсуски, ҳаётда болалар турли хил зўравонликка дуч келиши мумкин:
• оиладаги қаттиққўллик,
• мактаб ёки кўчадаги таҳқирлаш,
• интернетдаги босим ва қўрқитиш,
• бепарволик ёки эътиборсизлик.
Аввал ҳам болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар бор эди, аммо янги фармон муаммога тизимли ва узоқ муддатли ёндашувни таклиф этади. Яъни, оқибат билан курашиш эмас, балки зўравонликнинг олдини олиш асосий мақсад қилиб олинди.
Чунки 2026–2030 йилларга мўлжалланган мазкур стратегиянинг бош мақсади болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашдан иборат қилиб белгиланди.
Бу дегани:
• ҳар бир бола ўзини ҳимояланган ҳис қилиши керак;
• боланинг овози эшитилиши лозим;
• муаммога дуч келган бола ёрдамсиз қолмаслиги шарт.
Шу ўринда мазкур стратегиядаги муҳим янгиликлар ҳақида тўхталсак:
1. Барча қарорлар қабул қилинишида “боланинг энг яхши манфаати” асосий мезон қилиб белгиланади. Яъни, ҳар қандай чора болага зарар эмас, наф келтириши керак.
2. Фармон фақат жазолашни эмас, балки:
• ота-оналарни тарбия масаласида ўқитиш,
• мактабларда психологик хизматларни кучайтириш,
• болаларга ўз ҳуқуқларини ўргатиш
каби профилактик чораларни кучайтиради.
3. Давлат идоралари ҳамкорлиги ҳам эътиборга олиниб, энди болалар билан боғлиқ муаммолар таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, ижтимоий ҳимоя
идоралари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этилади.
4. Зўравонликка учраган ёки хавф остидаги бола кимга мурожаат қилишни, қаердан ёрдам олишни
аниқ билиши учун осон ва ишончли тизимлар яратилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармон ижросини таъминлаш жараёнида ҳар бир инсон болани тарбиялаш — фақат оила иши эмас, бутун жамият масъулияти эканлигини тушуниб етади. Яъни бу ҳужжат орқали давлат болани эшитади, ҳимоя қилади, ҳар бир вояга етмаган шахс учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Ўзбекистон Республикасида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ҳамда уни 2026–2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолиги ҳамда Богота ҳаракатлар чақирувига қўшилгани қайд этилган. Стратегия болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришни мақсад қилади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонликка учраган ёки ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бундай оилалар махсус тайёргарликдан ўтади, болалар эса “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали шартнома асосида жойлаштирилади. Тутинган оилаларга ҳар бир бола учун ойлик тўлов ва боланинг яшаш харажатлари давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, кейинчалик бошқа ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти ташкил этилади. Жинсий зўравонликдан жабрланган болалар алоҳида реабилитация марказларига жойлаштирилиши мумкин.
2026 йил 1 сентябрдан эса зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади. Бундай ишлар бўйича судга қадар ва суд жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органлари иштирок этиши мажбурий бўлади. Шу билан бирга, болаларнинг дастлабки кўрсатувлари видеоёзув орқали қайд этилади, зўравонлик фактлари ҳақида хабар бермаган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя ходимлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Қарорда зўравонликдан жабрланган болалар ва уларнинг оилалари учун “меҳрли оила” хизмати, оилавий терапия, таълим муассасаларига қўшимча квоталар ажратиш каби ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам назарда тутилган. Шунингдек, болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва зўравонлик ҳолатлари бўйича ягона электрон платформа яратилади. Бу тизим давлат идоралари ўртасида маълумот алмашиш, ягона статистик ҳисоб юритиш ва ҳар бир ҳолатни босқичма-босқич назорат қилиш имконини беради.
Мазкур қарор ижроси учун масъул идоралар белгиланиб, болалар билан ишловчи терговчи, прокурор, судья ва ижтимоий соҳа ходимларининг махсус тайёргарлиги ва малакасини ошириш ҳам назарда тутилган.
Жиноят ишлари бўйича
Сирдарё туман судининг раиси Б.Қораев
