Ерга оид низолар юзасидан....
2025-12-18 15:00:00 / Янгиликлар

“Ш” фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида ер участкасини 49 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилса-ю сўнг туман ҳокимининг яна бошқа қарори билан “Ш” фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиниб, бошқа “С” фермер хўжалигига ажратиб берилса шунингдек ер участкасини 39 йил муддатга ижарага бериш бўйича узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилса, албатта “Ш” фермер хўжалиги норози бўлиши табиий хол!
Хўш, ушбу холатда “Ш” фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тикланадими?
-Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига кўра, мулкдор ўзга шахс томонидан қонунга хилоф равишда эгаллаб олинган мол-мулкини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қонунларига мувофиқ талаб қилиб олиш ҳуқуқига эгадир.
-Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмасада, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.
Савол - Туман ҳокимининг “Ш” фермер хўжалигининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиш тўғрисидаги қарори хақиқий эмас деб топилиши мумкинми?
-Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 12-моддасини биринчи қисмига кўра давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
-“Ш” фермер хўжалиги маъмурий судига туман хокимининг ижара асосида фойдаланишида бўлган ушбу ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинганлиги тўғрисидаги қарорини хақиқий эмас деб топишни сўраб мурожаат этиши мумкин.
Савол - Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан маъмурий судининг ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиш тўғрисидаги қарорини хақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ижроси таъминланмаган ва “Ш” фермер хўжалигига ижара асосида тегишли бўлган ер майдонлари қайтарилмаган бўлса-чи ?
- “Ш” фермер хўжалиги маъмурий судга мурожаат қилиб, туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман ҳокимлигига ер майдонларини “Ш” фермер хўжалигига тегишли эканлиги мажбуриятини юклашни сўраши мумкин.
Савол - ер участкаларига бўлган ҳуқуқ қачон вужудга келади?
- Туман ҳокимининг янги қарорига асосан “Ш” фермер хўжалиги ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан рўйхатдан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасида юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши назарда тутилган.
“Ш” фермер хўжалигининг низоли ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари тиклангандан сўнг “С” фермер хўжалигига талабнома билан мурожаат қилиб, ўзига ижара асосида тегишли бўлган ер майдонини ихтиёрий равишда бўшатиб топширишни сўраган булсада аммо “С” фермер хўжалиги “Ш” фермер хўжалигининг ушбу талабномасини оқибатсиз қолдириб, ер майдонини бўшатиб бермаган холатда, ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш тартиби қандай?
“Ш” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “С” фермер хўжалигиниер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 73-моддаси учинчи қисмига кўра, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган иқтисодий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга тааллуқли бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Мулкдор ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, гарчи бундай бузишлар уни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса-да, бартараф этишни талаб қилиши мумкин.
Савол - бундан ташқари, “Ш” фермер хўжалигибузилган ҳуқуқини тиклаш учун адвокат хизматидан фойдаланиб, адвокатлик хизмати учун тўлов квитанцияси билан ҳақ тўлаган бўлса, ушбу етказилган зарарни тўла қопланишини талаб қилиши мумкинми?
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси14-моддасини биринчи ва иккинчи қисмига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.
Шунингдек, зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.
Сайданов Срожиддин
Махамаджанов Қўшмурод
Сирдарё туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчилари
