ХУШХАБАР. Пахта-2025: Шўрчи туманида пахта режаси ортиғи билан бажарилди
2025-10-07 09:35:00 / Янгиликлар

Шўрчилик пахтакорлар 2025 йилги пахта топшириш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажариб, куч-ғайрат ва шижоат, миришкорлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этишди.
2025 йил режасига кўра, шўрчилик пахтакорлар давлатга 25 300 тонна пахта хом ашёсини топшириши белгиланган бўлиб, ҳудудаги фермер хўжаликлари далаларидаги “Оқ олтин” толалари ўз вақтида терилганлиги натижасида 25 366 тонналик хирмон кўтарди.
Бу шўрчиликлар учун катта ғалаба, албатта. Чунки, бу йилги исиқ ва қуруқ об-ҳаво шароити деҳқон фермерлер учун пахта ҳосилини етиштириш, парваришлаш ва йиғиб олишда бирмунча қийинчиликлар туғдиргани сир эмас.
Туманимиз фермерларининг бу улкан зафари замирида Муҳтарам Президентимизнинг ҳудудларда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, кўп йиллик тажрибаси, пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда амалга оширилди. Бунда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, хашарчилар, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам фаол иштирок этишди.
Ғалаба муборак бўлсин, азиз тумандошлар
