Фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кучайтириш – коррупцияга қарши курашда устувор йўналиш
2025-10-03 08:10:00 / “Коррупсияга қарши кураш”

Бугунги кунда коррупция нафақат миллий, балки жаҳоншумул миқёсда тараққиётга тўсиқ бўлувчи асосий хавф-хатар сифатида эътироф этилмоқда. Унинг салбий таъсири иқтисодий барқарорлик, ижтимоий адолат ва демократик қадриятлар ривожига жиддий путур етказади. Шу боисдан ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Бу жараёнда халқаро меъёрлар, жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, шунингдек, БМТ Жаҳоншумул кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадлари бу йўналишда муҳим дастурий ҳужжат сифатида хизмат қилмоқда.
2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрда “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-288 Қарорида қатор стратегик йўналишлар белгиланди.
Бунда, коррупцияга қарши курашишни илмий асосда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни беқиёсдир. Чунки илмий таҳлиллар ва социологик тадқиқотлар коррупция ҳолатларига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб беришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, соҳада маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар иштирокида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илғор тажрибани жорий этиш, миллий ва халқаро грантлар орқали илмий-амалий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор вазифа қилиб белгиланган.
Қарордаги асосий чора-тадбирлар сифатида Фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш орқали қатор амалий механизмлар жорий этиш кўзда тутилган.
Биринчидан, БМТ Конвенцияси қоидаларининг бажарилишида жамоатчилик назорати кучайтирилади. Бу жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) жалб этилади ва уларнинг муқобил баҳолаш тизими йўлга қўйилади.
Иккинчидан, ННТларнинг коррупцияга қарши йўналтирилган лойиҳаларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратилади. Бу маблағлар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига ажратилган маблағларнинг йил давомида иқтисод қилинган қисми ҳамда самарадорлиги паст бўлган давлат ташкилотларининг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан қопланиши белгиланган.
Учинчидан, аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар тизимли ўтказилади. Бу орқали маиший коррупция ҳолатлари ва уларга бўлган муносабат чуқур таҳлил қилинади.
Қарорда кўтарилган янги ташаббус - “Минтақавий тадқиқот маркази”ни ташкил этишга қаратилган. Бунда, коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги тадқиқотларни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” ҳаракати ва “Ижтимоий фикр” маркази ташаббуси билан махсус “Коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази” ташкил этилади.
Марказнинг асосий вазифалари аҳоли, айниқса, ёшларнинг коррупцияга қарши курашдаги фаоллигини ошириш;
давлат ва жамият ҳаётида ҳалоллик стандартларини жорий этишга кўмаклашиш;
маиший ва тизимли коррупциянинг ҳолати, хусусиятлари ва динамикасини комплекс ўрганиш;
илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиб, уларни амалиётга татбиқ этиш;
халқаро тажрибани ўрганиш ва миллий шароитга мослаштириш;
БМТ конвенцияси ва бошқа халқаро шартномалар бажарилишини таҳлил қилиш ҳамда муқобил ҳисоботлар тайёрлашдан иборат.
Марказнинг ташкил этилиши нафақат миллий даражадаги тадқиқотларни кучайтиради, балки халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, хорижий экспертлар билан илмий мулоқотни йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тадқиқотлар ташкил этади;
Ташқи ишлар вазирлиги хорижий мутахассисларни жалб этишга кўмаклашади;
Миллий кенгаш йўл харитасида белгиланган вазифалар ижросини мунтазам назорат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш – бу давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш коррупцияга қарши сиёсатнинг самарадорлигини кескин оширади.
Шу билан бирга, янги ташкил этиладиган минтақавий тадқиқот маркази коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий-услубий ва амалий таклифларни тайёрлашда, миллий ва халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузини оширишда муҳим ўрин тутади.
Коррупцияга қарши курашдаги мазкур кенг кўламли чоралар нафақат давлат сиёсати самарадорлигини таъминлайди, балки жамиятда ҳалоллик ва адолат муҳитини қарор топтиришга хизмат қилади.
Зебунисо Алимардонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари
