Шўрчи тумани прокурори Жуманазар Хурсановнинг Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича туман аҳолисига мурожаати
2025-09-04 16:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли Шўрчи туман фуқаролари !
Сўнгги йилларда аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, орзу - интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, илм - фан ва спортда юксак натижаларга эришаётган ҳамда нафақат юртимиз балки, бутун дунёга машҳур мактаб ўқувчилари, ёшлар ва ўрнак бўла оладиган қизларимиз борлиги қувонарли, албатта.
Маълумки, ҳозирги кунда интернет жаҳоншумул тармоғидан юртимиз, шу жумладан бутун воҳамизнинг барча ҳудудларида кенг фойдаланилмоқда. Бу фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, банклардан онлайн фойдаланиш, харид қилиш, шунингдек тезкор етказиб бериш каби кўплаб соҳаларда имкониятлар яратилишига ҳамда уларнинг вақтини тежашга олиб келмоқда.
Лекин, интернет тармоғидан нотўғри фойдаланиш натижасида фуқаролар, айниқса ёшларнинг кўп вақти фойдасиз ва кераксиз контентларни кўриш учун сарфланмоқда, ҳаттоки жиноятлардан жабрланишига сабаб бўлмоқда.
Оқибатда, айрим шахслар жамиятда юриш - туриш қоидаларини бузиш, осон йўл билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаб, ишончига кириш ва бошқа ноқонуний йўллар орқали миллий қадриятларимизга путур етказаётгани жуда ҳам ачинарли. Бу каби салбий ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун барча идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда аввало, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда жиноятчилик профилактикасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олиб борилган профилактик чоралар натижасида маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи камайишига эришилди. Бироқ, яратилган кенг имкониятларга қарамасдан вилоятимизда вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилди.
Жумладан, жорий йилнинг 7 ойида туманимизда вояга етмаган шахслар томонидан 2 та ўғрилик жиноятлари содир этилди.
Мазкур жиноятлар ўқув масканларидаги ўқувчилар ҳиссасига тўғри келгани туманимизда таълим - тарбия ишлари тўғри ташкил этилмагани ҳамда таълим муассасада назорат қониқарсиз эканлигини кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни устувор вазифа этиб белгилаб берганлар.
Ислоҳотлар натижасида яратилган шарт - шароитлардан жуда кўплаб ёшлар унумли фойдаланиб, аввало ўз оиласи ва юртимиз ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоқда.
Шунга қарамасдан айрим ёшлар нотўғри йўлга кириб, жиноят содир этмоқда.
Ўтган 7 ойда ёшлар томонидан 13 та жиноят содир этилиб, уларнинг аксарият қисми гуруҳлар ҳамда ишламайдиган ва ўқимайдиганлар ҳиссасига тўғри келади.
Халқимиз азалдан хотин - қизларимизга ҳурмат кўрсатиб келади, бу давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топиб, оилалардаги муҳитни яхшилаш, айниқса, аёллар муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш механизми яратилган.
Аммо, ўтган даврда аёллар томонидан ўғрилик ва транспорт воситаларидан фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларини бузиш каби жиноятлар содир этилди.
Ҳурматли туманимиз ааҳолиси!
Шу сабабли, халқимиз билан бирга берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, жиноятчилик профилактикасини кучай-тириш орқали янада ижобий натижаларга эришишимиз зарур.
Хабарингиз бор, масъул идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноятларни олдини олиш, туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилган.
Бу эса жиноятчилик профилактикаси, айниқса ҳар бир жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда жиноят содир этган шахсларни қисқа вақтда аниқлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Шу мақсадда бундан кейин ҳам :
- жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар тоифаси билан манзилли профилактик тадбирлар кучайтирилади;
-содир этилган жиноятлар ҳар куни тезкор таҳлил қилиб борилади;
- кунлик сўров ва назорат тизими изчиллик билан давом эттирилади.
Азиз Шўрчи тумани фуқаролари !
Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактикаси самарадорлигини оширишда маҳалла аҳли, таълим - тарбияга масъуллар, умуман ҳар бир фуқаронинг амалий ёрдами ҳамда ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, тинч ва хавфсиз ҳудудга айлантиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшиб, биргаликда ҳаракат қилсак, кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Келингизлар, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!
