“Оқила аёллар” ҳаракати жамиятни маънавиятга етаклайди
2025-06-25 17:05:00 / Янгиликлар

Шўрчи туманида “Оқила аёллар” ҳаракати жамиятни маънавиятга етаклайди” мавзусида форум ўтказилди.
“Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фаол аёллар иштирок этган тадбирда туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зулфия Шерова Президентимизнинг "Оқила аёллар" ҳаракати аъзоларининг асосий вазифа ва мақсадларига йўналтирилган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирди. Ҳамда ҳаракатнинг жамиятдаги тутган ўрни, ижтимоий муаммоларни бартараф этишдаги самарали ёндашуви ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Албатта, жамиятнинг асосий таянчи бу – оила. Оилада маънавий муҳитни яхшилаш, фарзандлар тарбиясидаги масъулият, миллий қадриятларни сингдириш ва қатор ташаббусларда фаол, шижоатли ва ташаббускор аёлларнинг ўрни бор.
“Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этиш асносида Президентимиз ушбу ҳаракат ҳақида тўхталар экан: “Оқила аёллар” ҳаракати том маънода «маҳалланинг виждони»га айланиши керак. Чунки, маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур. Бугун биз Ватаннинг шон-шуҳратини юксалтирадиган тарихий даврга қадам қўйган эканмиз, Сизлар фарзандингизнинг қалбига улуғ мақсадларни, эзгу ғояларни сингдиринг, буюк орзуларни жойлашга интилинг. Мақсадимиз – ҳар бир оила, хонадон ва маҳалла мана шу улуғ ҳаракатнинг марказига айлансин, деб таъкидлаган эдилар.
-“Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлашда фаол бўлишлари зарур, - дейди Шўрчи тумани "Оқила аёллар" ҳаракати раҳбари Холдона Ўраева. -Фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш, аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби юмушларда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларнинг ўрни жуда катта. Зеро, фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ҳар биримиз аҳамиятлидир.
Шўрчи туманида “Оқила аёллар” ҳаракати жамиятни маънавиятга етаклайди” мавзусида ўтказилган форум давомида талабчан, ҳаракатчан ва фаол бўлган бир гуруҳ “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ташаккурнома билан тақдирланишди.








