Инсон қалбига йўл — меҳр ва эътибор орқали
2025-06-19 10:15:00 / Маҳаллада нима гап

Инсон ҳаётида оғир ва енгил кунлар бўлади. Баъзида биргина меҳрибон назар, бир оғиз тасалли сўз ва аниқ ёрдам инсон тақдирини бутунлай ўзгартиради. Шўрчи тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ижтимоий ходими Абдурайимов Акмал Баходирович томонидан амалга оширилган эзгу ишлар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз — бу ҳақиқий фидоийлик ва инсонийлик намунасидир.
Ёрдам қўлини узатиш — ҳаётни сақлаб қолиш демакдир
“Тамаддун” маҳалласининг фақат номигагина эмас, амалда ҳам тамаддунга йўл очган бу инсонлар ўртасида Насиба Қорақулова номи тилга тушган. У оғир касаллик — бачадон миомаси ташхиси билан ётган пайтда, жисмоний оғриқдан кўра, маънавий оғриқ — ёрдамсизлик ва муруввацизликдан азият чекарди. Аммо... маҳалласидаги ижтимоий ходим унинг ҳақиқий қутқарувчисига айланди.
Акмал Абдурайимов ҳомийларни жалб этиб, шифокорлар билан ҳамкорликда унинг операциясини ташкил қилди. Операция муваффақиятли ўтди. Бугун Насиба она фарзандлар бағрида, яна ҳаётга ишонган ҳолда яшамоқда. Бу билан чекланилмади — боласига нафақа тайинланди, тўгаракларга жалб этилди, паспорти учун тўлов ҳам таъминланди.
Бир ойна — бир оила учун нур!
Маҳаллада яна бир инсон — Ойхол Тўраева. Унинг турмуш шароити оғир, даромади етарли эмас, уйи эски, дераза ва эшиклар ёпилмас эди. Хомийлар жалб қилиниб, уйига янги акфа деразалар ва эшик ўрнатилди. Қишки мавсум олдидан электр энергияси учун бир марталик ёрдам берилди. У кам таъминланган оилалар реестрига киритилиб, тўлиқ ижтимоий муҳофазага олинди.
Бу, кўз билан кўриб, қалб билан ҳис этиладиган ёрдамдир. Сўз билан ифода этиш қийин — аммо бир оиланинг юзларида пайдо бўлган табассум, бу хайрли ишларнинг ҳақиқий мезонидир.
Беморликдан умид сари
Барнохон Эргашова ҳам оғир хасталикка дуч келган эди. Қўлидан етарли маблағ келмасди. Унинг даволаниши учун Саҳоват ва кўмак жамғармасидан 6 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу маблағ унинг на фақат жисмоний, балки маънавий соғайиши учун замин яратди. Энди у ҳам ҳаётга қайтди. Фарзандлари бағрида, миннатдор юрак билан ижтимоий қўллаб-қувватлаш нима эканини англади.
Ижтимоий хизматчи — инсонларнинг суянчиғи
Акмал Абдурайимов каби ижтимоий ходимлар нафақат ишчи, балки қалбларни даволовчи, инсонлар ҳаётига умид бағишловчи шахслардир. Улар биргина хизматни эмас, балки муҳаббатни, меҳрни, эътиборни етказадилар. Уларнинг фаолияти — бу фақат иш жадвалидаги вазифа эмас, балки ҳар бир инсон қалбидаги муаммога қалб билан ечим топишдир.







