Синалмаган отнинг сиртидан ўтма ёхуд онлайн фирибгарликдан эҳтиёт бўлинг
2025-05-22 16:20:00 / Янгиликлар

....Ўзи ички ишлар бўлимига ёзган аризамни ҳам қайтариб олишими керак. Сизга айтганларимни ҳам ҳеч кимга айтманг. Кеча қайнонамга онлайн савдога ишониб, уч миллион сўмни ўзим яхши танимайдиган кишининг пластик картасига ташлаб берганимни айтганимда роса тўпалон қилдилар.
-Нега 3 миллион, менга 8 миллион деб айтгандингизку, - дейман рўпарамда мунғайибгина ўтирган аёлга юзланиб.
-Тўғри аслида 8 миллион. Қайнонам урушмасин деб 3 миллион деб айтгандим. “Ўғлим хорижда қийналиб топган пулини осонгина сарфлайсиз, ишлаб пул топсангиз қадрига етасиз. Ўғлимнинг топган пулларини тезда жойига қўйинг. 3 миллион тугул 100 сўм ҳам кам бўлмасин” деб холи-жонимга қўймайди. Аввалига ташлаган пулларимни кўпайтириб қайтариб берди. Иккинчи маротаба ташлаганимдан кейин мен билан онлайн гаплашиб турган ҳамкорим ғойиб бўлди. Уни қаердан излашни билмай қолдим. Тўғриси, исмини ҳам яшаш манзилини ҳам билмайман.
-Энди унча пулни қаердан оласиз? Ўзингиз ҳеч қаерда ишламасангиз? Турмуш ўртоғингизга нима деб жавоб берасиз?- дейман минг ҳавотир ила.
-Нимаям қиламан, қариндошларимдан қарз оламан-да. Иккита укам хорижда ишлайди. Отамга айтсам, улардан менга пул олиб беради. Юрагим ўйноқлаб қолган. Нима бўлса ҳам шу пуллар топилгунча юрагим тўхтаб қолмаса бўлди эди.
Кейинги пайтларда онлайн хизматлар, жумладан, маҳсулотларнинг онлайн савдоси ҳам ривожланиб бормоқда. Бироқ, онлайн савдода фирибгарлик ҳолатлари ҳам учраётгани сир эмас. Турли хил платформалар товарлар ва хизматлар тақдим этишнинг қулай воситаси бўлибгина қолмай, фирибгарлар учун ҳам ўлжа излаш воситаси бўлиб қолмоқда.
Шахси, телефон рақами аниқ бўлмаган шахсларга олдиндан пул ўтказиб бериш ёки уларга карта рақамингиз билан боғлиқ барча маълумотларни маълум қилмаслик, айниқса, кодларни ошкор этмаслик зарур.
Шўрчи туманидаги “Зарбдор” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Л. “Узум маркет” орқали номаълум шахс билан гаплашиб, онлайн савдо қилишга келишган. Келишувга кўра, Х.Л даставвал У.Э исмли шахсга тегишли пластик картага 3 миллион пул ташлаб берган.
-Онлайн савдо қилиш жараёнида бир неча маротаба менга вазифа беришди, - дейди суҳбат давомида Х.Л. – Улар берган ҳар бир вазифа охирида маълум бир миқдорда пул маблағи улар юборган турли хилдаги пластик картасига ташлаб берардим. Менга берилган вазифаларнинг натижасида ташлаган пулларим маълум бир миқдорда кўпайиб борарди. Шу пулларни олиш мақсадида, яна пул ташлардим. Охирида 37.000.000 сўм пул ташлаб беринг, пулингиз 71.378.000 сўм бўлади ечиб оласиз дейишганидан кейин уларни фирибгар эканлигини тушуниб қолдим. Менга алам қилаётгани, ўзим алданиб қолганим емаганидек, дугонамни ҳам фирибгарлар тузоғига тушишига сабабчи бўлиб қолдим. Энди у менинг устимдан арз қилмоқчи. Ҳамкасбларим, маҳалладошларим олдида нима деган одам бўламан.
....Асл касби ўқитувчи бўлган Ж.З қўшимча даромад топиш илинжида онлайн савдо қилишни ўзига маъқул кўради. Аввалига камроқ пул билан савдо қилган ўқитувчи, бора-бора товарлари хажмини кенгайтириш мақсадида ўзига фақатгина онлайн таниш бўлган шахснинг картасига 36 миллион сўм ўтказадию, уни йўқолиб қолишига сабабчи бўлади.
Интернатдаги турли хил саҳифаларга кириши натижасида онлайн савдо қилиш ёки пулни кўпайтириб беришни ваъда қилаётган шахсларнинг ёлғон рекламаларига ишониб қолаётган жуда кўп фуқароларнинг аризаси ички ишлар бўлимида эканлигини кўриб тўғриси, на кулишни на ачинишни билмай қоласан киши. Наҳотки, ўзи танимаган, билмаган шахснинг алдовига ишониб, миллион-миллион сўм пулни ўтказиб юбориш осон бўлса?! Ёки “Онлайн савдо қилсангиз пулингиз икки хисса ошади” деган ширингина ёлғон ҳар бир кузатувчини ўзига чорлайдими?! Хулоса қилишга шошилманг! Зеро, халқимизда синалмаган отнинг сиртидан ўтма деган нақл бекорга айтилмаган.
Бу мақолани ёзишдан мақсадим, кимнидир қоралаш эмас, аксинча фуқароларни нотаниш кишилардан онлайн товар ва нарсаларни харид қилганда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслик учун огоҳ бўлишга чақиришдир.
Нигина Шоева
Журналист.
