Ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
2025-05-22 12:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19–22 май кунлари Венгрия ва Словенияга амалга ошираётган расмий ташрифлари Ўзбекистоннинг дунё саҳнасидаги навбатдаги зафарли қадами бўлди десак муболаға бўлмайди, албатта. Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбаннинг «Кармелита» саройида бўлиб ўтган музокараларида Ўзбекистон-Венгрия стратегик шериклиги ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Энг аввало товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, импорт ўрнини босиш имкониятлари ва GSP+ мақоми ҳисобига 500 миллион еврога етказиш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда лабораториялар Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилади, товарларни олдиндан сертификатлаш дастури ва экспорт қилувчи компанияларга кўмаклашиш бўйича қўшма платформа ишга туширилади. Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашишди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа замонавий хавфсизлик муаммоларига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар июль ойида Будапештда бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Инвестициявий ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи кенгайтирилган стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларига йўл очиб, муносабатларимизни янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Эндиликда асосий масала мавжуд имкониятларни амалий лойиҳаларга айлантиришга қаратилади. Будапештнинг ташқи сиёсати “Шарққа яқинлик” стратегияси билан ажралиб туради. Венгрия 2018 йилда Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олган илк Европа давлати бўлди. 2019 йилда Будапештда ташкилотнинг Европа ваколатхонаси очилди. Ўзбекистон эса туркий давлатлар ўртасида интеграция жараёнларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида Венгрия билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Дарвоқе, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, сўнгги йилларда бу алоқалар янгича суръат олди. Айниқса, 2021 ва 2022 йилларда ўзаро расмий ташрифлар, Будапешт ва Тошкентда ўтказилган Бизнес форумлар, Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациялар – барчаси икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. 2024 йилдаги икки томонлама савдо айланмаси 78,1 млн долларни ташкил қилгани ҳам ҳар иккала давлат учун манфаатли бўлди. Фармацевтика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва таълим соҳаларидаги инвестициявий лойиҳалар икки мамлакат муносабатларининг кўламини кенгайтирмоқда. Ангрен эркин иқтисодий ҳудудида венгер компаниялари учун ажратилган махсус саноат ҳудуди бунга яққол мисол бўла олади. Янги лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, йўллар ва логистика марказларини қуриш, коммунал тармоқларни ривожлантириш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, аквакультура каби соҳаларда келишувларга эришилди. Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги муносабатлар бугун тарихий илдизлар, геосиёсий манфаатлар ва янги глобал муҳитдаги прагматик ёндашув асосида шаклланмоқда. Бу икки мамлакат ўтмиши, маданияти ва мақсадлари билан фарқ қилса-да, уларни умумий стратегик манфаатлар бирлаштирмоқда. Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк сингари, Ўзбекистон — Венгрия ҳамкорлиги нафақат икки халқ манфаати, балки кенг минтақавий барқарорлик учун хизмат қиляпти. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги алоқалар тамомила янги босқичга чиқди. Икки давлатнинг ҳамкорлиги савдо иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар йўналишларда ҳар томонлама самарали бўлмоқда. Хусусан, бу ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этяпти.
Ботир Ражабов
Халқ депутатлари Шўрчи тумани Кенгаши депутати
