Миллий маънавиятимизга зид “алмойи-жалмойи” номлардан қачон қутиламиз?
2026-07-30 12:50:00 / Янгиликлар

— Дугонажон, суюнчи бер! Келиним ўғилли бўлди. Жиянимга Марадонна деб ном бердик.
— Табриклайман! Умри узоқ, бахти бутун бўлсин. Лекин... нега айнан Марадонна? Бу исмнинг маъносини биласизларми? — дедим ҳайратимни яшира олмай.
— Э, қаердан ҳам билардик. Замонавий, чиройли эшитиларкан, ёшларга ёқаркан. Укам танлади, биз ҳам қайтармадик...
Бу гапларни эшитгач, янги туғилган чақалоқ учун қувондим. Аммо унинг исми қалбимда аламли бир саволни уйғотди: наҳотки фарзандга исм танлашда маъно эмас, шунчаки жаранг муҳим бўлиб қолган бўлса?
Ахир исм — инсоннинг бутун умр унга ҳамроҳ бўладиган маънавий мероси, ота-она фарзандига берадиган илк дуоси эмасми? Бир исмда аждодлар орзуси, миллий қадрият, эзгу ният ва келажакка ишонч мужассам бўлади. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан фарзандига Маҳмуд, Темур, Жалолиддин, Зуҳра, Дилноза, Меҳрибон каби эзгу маъно касб этувчи исмларни қўйиб келган.
Афсуски, кейинги йилларда бу эзгу анъанага бепарволик билан қараш ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим ота-оналар фарзандига маъносини ҳам билмайдиган хорижий исмларни қўйишни замонавийлик деб тушунмоқда. Кимдир футболчи номи билан, кимдир сериал қаҳрамони номи билан, яна кимдир интернетда кўрган тасодифий сўз билан фарзандини атайди. Эртага шу фарзанд улғайгач, ўз исмининг маъносини сўраганда қандай жавоб берамиз?
Бир вақтлар хорижий сериаллар таъсирида фарзандларига бегона исмлар қўйган айрим оилаларнинг кейинчалик афсусланиб, туғилганлик гувоҳномасини қайта расмийлаштиргани ҳам бугун сир эмас. Демак, бугунги шошқалоқ қарор эртанги пушаймонликка айланиши мумкин.
Бу ҳолат фақат инсон исмларида эмас, кўча-кўйларимиздаги пешлавҳаларда ҳам яққол кўзга ташланади. Қайси бир савдо дўкони, гўзаллик салони, кафе ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига назар ташламанг: "Zodagon Lord", "Shelby", "Golden Trade City", "Nineteen 19", "Doc Yu Aesthetic", "Green Country", "Lady салон красоты", "Cnos"... Гўё ўз юртимизда эмас, бегона мамлакат кўчаларида юргандек таассурот қолади.
Наҳотки, "Барака", "Фаровон", "Шукрона", "Гўзаллик", "Меҳр", "Орзу", "Зиё", "Саодат" каби ўзбекона, мазмунли номлар харидорни жалб қила олмайди? Ёки тадбиркорларимиз ўзбекча ном қўйса, бизнес юришмай қоладими?
Бу саволлар ҳар биримизни ўйлантириши керак.
Энг ташвишлиси шундаки, бу ҳолатга аста-секин кўникиб бормоқдамиз. Кўникканимиз сари эса миллий қиёфамиз йўқолиб бормоқда. Чунки миллатни қурол билан эмас, аввало, унинг тили, маданияти ва маънавиятидан узиш орқали заифлаштириш мумкин.
Она тилига муҳаббат фақат байрам кунлари айтиладиган баландпарвоз нутқлар билан эмас, кундалик ҳаётдаги оддий амаллар билан намоён бўлади. Фарзандга исм танлашда, дўконга ном беришда, эълон ёзишда, пешлавҳа тайёрлашда она тилига эҳтиром кўрсатиш — ҳақиқий ватанпарварликдир.
Наҳотки, харидорни жалб қилиш учун албатта ажнабий ном керак бўлса? Наҳотки, ўзбекча жарангдор, мазмунли, миллий руҳни акс эттирувчи номлар камлик қилса?
Ҳолбуки, миллий ном — бу оддий ёзув эмас. У миллатнинг юзи, маданияти, диди ва маънавий қиёфасини намоён этади.
Албатта, хорижий тилларни ўрганиш — давр талаби. Илғор тажрибаларни ўзлаштириш — тараққиёт гарови. Лекин бу она тилимизга беписанд қараш, уни иккинчи даражага тушириш дегани эмас. Дунё тилларини билиш билан ўз она тилингни улуғлаш бир-бирига зид тушунчалар эмас.
— Ўзгаришни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз керак, - дейди 16-умумтаълим мактабининг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Салтанат Сафарова. - Асосан ўзбеклар яшайдиган маҳаллада янги очилган дўкон пешлавҳасига катта қилиб "Мы открылись" деб ёзишади. Бу ким учун? Нега "Биз очилдик" деб ёзиш оғир? Она тили ҳақида баландпарвоз гапиришдан кўра, уни ҳаётимизда қўллаш муҳимроқ. "Давлат тили ҳақида"ги Қонун қабул қилинганига ўттиз йилдан ошди. Энди унинг ижросини ҳар бир ташкилот, ҳар бир тадбиркор, ҳар бир фуқаро ўз виждони билан таъминлаши лозим.
Дарҳақиқат, қонуннинг кучи қоғозда эмас, унинг ҳаётдаги ижросида намоён бўлади. Агар кўчаларимиз мантиқсиз, маъносиз ва миллат руҳига бегона номлар билан тўлиб бораётган бўлса, демак, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.
Миллий ўзлигимиз ҳақида кўп гапирамиз. Миллий маънавият, миллий ғурур, миллий қадриятларни тилга оламиз. Аммо энг оддий масала — фарзандимизга исм қўйишда ёки дўконимизга ном танлашда нега миллийликни унутамиз?
Ахир миллат ўзлигини энг аввало тили, исми ва номлари орқали сақлаб қолади. Бугун исмдан воз кечган миллат эртага тилидан, тилидан воз кечган миллат эса ўзлигидан айрилиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она фарзандига исм танлар экан, унинг фақат чиройли жаранглашига эмас, маъносига, миллий руҳга, аждодлар меросига ҳам эътибор қаратиши зарур. Ҳар бир тадбиркор эса корхонасига ном берар экан, унинг пешлавҳаси миллий қадриятларимизга хизмат қилишини унутмаслиги керак.
Келинг, ўзгаришни бугундан бошлайлик. Фарзандларимизга эзгу маъно мужассам бўлган исмлар қўяйлик. Кўчаларимизда миллий руҳ уфуриб турадиган пешлавҳаларни кўпайтириб, она тилимизга муносиб эҳтиром кўрсатайлик. Зеро, миллатнинг келажаги унинг тилида, исмида ва маънавиятида яшайди. Бу муқаддас меросни асраш эса ҳар биримиз учун нафақат бурч, балки виждон масаласидир.
Нигина ШОЕВА,
Шўрчи тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари-давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси
