Ассалому алайкум, ҳурматли туманимиз аҳолиси ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари!
2026-06-03 17:05:00 / Янгиликлар

Туман ИИБ бошлиғининг май ойи якунлари ҳамда жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида туманимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан МУРОЖААТИ ва ҲИСОБОТИ.
Ҳурматли тумандошлар! Халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, маҳаллаларимизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш — ички ишлар органларининг энг асосий вазифасидир. Бу борада туманимиз ҳудудида тун-у кун профилактик тадбирлар ва тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Бугун биз сизларга жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида туманимиз ҳудудида қайд этилган жиноятчилик манзарасини очиқ ва шаффоф тарзда тақдим этмоқчимиз. Чунки жиноятчиликка қарши курашиш фақатгина ички ишлар ходимларининг эмас, балки шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Беш ойлик жиноятчилик таҳлили: Рақамлар ва хулосалар
2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида туманимиз ҳудудида жами 99 та жиноят содир этилди. Ушбу жиноятларнинг тузилиши қуйидагича: Аниқланадиган жиноятлар: 37 та. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар: 46 та. Кибержиноятлар (Ахборот технологиялари орқали): 16 та.
Жиноят турлари бўйича таҳлил: Жами содир этилган жиноятлар ичида оғир ва ўта оғир турдагилари ҳам мавжуд бўлиб, улар бизни янада ҳушёрликка чорлайди: Қотиллик: 1 та
Қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш: 1 та.
Номусга тегиш: 2 та
Ўғрилик: 13 та
Безорилик: 7 та
Оилавий ва маиший низолар оқибатидаги тан жароҳатлари: Ўртача оғирликдаги — 3 та, енгил тан жароҳати — 2 та.
Фирибгарлик: 2 та• Транспорт воситасини олиб қочиш: 1 та
Йўллардаги фожиа: Огоҳлик қўнғироғи!
Энг оғриқли нуқталаримиздан бири — йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ. Беш ой ичида туманимизда 9 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жиноят иши қўзғатилган. Ачинарлиси, ушбу аварияларнинг 3 таси ўлим билан боғлиқ. 3 нафар ҳамюртимиз тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ёки оддий беэътиборлик қурбони бўлди.
Ҳурматли туманимиз аҳолиси, азиз ота-оналар ва маҳалла фаоллари!Юқоридаги рақамлар шунчаки статистика эмас, улар бизнинг ички муҳитимиз кўзгусидир. Нега орамизда ҳалиям бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган ўғрилар, арзимаган гап талашиб пичоқбозлик қиладиган безорилар, телефон орқали содда одамларни алдаётган фирибгарлар юрибди? Оилада тарбияни кучайтирайлик: Фарзандларингизнинг телефонда кимлар билан гаплашаётгани, кўчада кимлар билан юрганига беэътибор бўлманг.
Огоҳлик ва ҳушёрлик: Маҳаллангизда шубҳали шахслар ёки ноқонуний ҳаракатларни кўрсангиз, зудлик билан 102 рақамига ёки ҳудудий профилактика инспекторига хабар беринг. Вақтида берилган хабар — битта жиноятнинг олдини олиш демакдир! Киберхавфсизлик: Ҳеч қачон ва ҳеч кимга пластик картангиз кодини ва СМС орқали келган махфий рақамларни айтманг! Интернетдаги арзон ўйинлар ва ёлғон ютуқларга ишонманг. Сизни уйда оилангиз кутмоқда. Рулда тезликни оширманг, пиёдаларга йўл беринг! Хулоса ўрнида айтганда: Биз туманимизда тинчлик ва қонун устуворлигини таъминлаш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. Аммо жиноятчиликни илдизи билан йўқ қилиш учун ҳар бир фуқаронинг кўмаги ва бефарқ бўлмаслиги зарур."Ўз уйингизни, ўз маҳаллангизни ўзингиз асранг!"
