Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоевнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-04-28 14:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум ҳурматли тумандошлар! Қадрли ҳамюртлар!
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, юрт ободлиги ва давлатимиз нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки коррупция — бу жамият тараққиётига жиддий тўсқинлик қилувчи, адолат тамойилларини бузувчи, халқнинг давлатга бўлган ишончини сусайтирувчи энг хавфли иллатлардан биридир.
Коррупция нафақат иқтисодий ривожланишга зарар етказади, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига, ёшлар онгида нотўғри қарашлар шаклланишига ҳам сабаб бўлади. Бу иллатга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир ходим ва ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчидир.
Шўрчи туманида ҳам бу борада аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда очиқликни таъминлаш, давлат хизматларини шаффоф ва адолатли ташкил этиш, ижтимоий соҳада тенглик ва қонунийликни таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш — устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Жумладан, маҳаллаларда олиб борилаётган қурилиш ишлари, инфратузилмани яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳар бир лойиҳада шаффофлик ва адолат тамойилига қатъий амал қилинмоқда. Чунки халқ ишончи — энг катта бойлик.
Биз ҳар бир раҳбардан ҳалоллик, масъулият ва халқ олдида ҳисобдорликни талаб қиламиз. Ҳеч бир соҳада таниш-билишчилик, манфаатдорлик ёки ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги шарт.
Азиз тумандошлар!
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Агар туманда ҳокимлик тизими, корхона ва ташкилотлар ходимларининг коррупцияга оид хатти-ҳаракатларига дуч келсангиз, туман ҳокимлигининг 76 4574009, 764574388 ишонч телефонлари орқали мурожаат қилишингизни сўрайман. Мурожаатлар махфийлиги кафолатланади ва улар тезкор ўрганилиб, қатъий чоралар кўрилиши таъминланади. Сизлар билан биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борсак, нафақат ишимизда унум ва барака, балки виждонимиз пок, қалбимизда хотиржамлик бўлади!
“Жим туриш” — баъзан коррупцияга шерик бўлиш билан баробардир. Шунинг учун ҳар биримиз бу иллатга нисбатан муросасиз бўлишимиз, фарзандларимизга ҳалоллик ва поклик қадриятларини сингдиришимиз лозим.
Фақат ҳалол меҳнат, адолат ва қонунийлик устувор бўлган жамиятдагина ҳақиқий тараққиёт ва барқарор ривожланиш таъминланади.
Келинг, Шўрчи туманини коррупциядан холи, адолат ва ҳалоллик устувор бўлган ҳудудга айлантириш учун биргаликда ҳаракат қилайлик!
