Туман ИИБ бошлиғи Нуримбек Нарзуллаевнинг март ойида туман аҳолисига мурожаати
2026-04-28 15:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли тумандошлар! Қадрли ҳамюртлар!
Бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда тинчлик ва осойишталик энг олий неъматга айланди. Туманимиз ҳудудида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш — бизнинг асосий бурчимиздир. Бироқ, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг эмас, балки барчамизнинг умумий ишимиздир.
Сизни ва яқинларингизни хавф- асраш мақсадида қуйидаги муҳим йўналишларга эътибор қаратишингизни сўрайман:
Кибержиноят ва фирибгарликдан эҳтиёт бўлинг!
Замонавий технологиялар ривожи билан фирибгарликнинг янги усуллари кўпаймоқда. Банк картангизнинг махфий маълумотларини, хусусан СМС-кодларни ҳеч кимга айтманг! Шубҳали иловаларни юклаб олманг, ижтимоий тармоқлардаги “текин пул”, “осон даромад” ёки “ютуқли ўйин” каби ваъдаларга ишонманг.
Унутманг: банк ходимлари ҳеч қачон телефон орқали сизнинг махфий кодларингизни сўрамайди.
Наркожиноятчилик — келажак кушандаси
Ёшларимиз орасида синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалишига қарши биргаликда курашайлик. Фарзандларингизнинг кимлар билан дўстлашаётгани, бўш вақтини қандай ўтказаётгани ва интернетдаги фаолиятига ҳам эътибор қаратинг.
Шубҳали хатти-ҳаракатлар ёки гиёҳванд моддалар савдоси ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, зудлик билан бизга хабар беринг.
Уюшган жиноятчиликка ўрин йўқ!
Жамиятимизда кўча безорилиги, гуруҳ бўлиб содир этиладиган тартиббузарликлар ва зўравонлик ҳолатларига мутлақо тоқат қилинмайди. Ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракат учун жазо муқаррарлиги таъминланади.
Жиноят қурбонига айланиб қолманг!
Ўз мулкингизни — автомашина, уй-жой, чорва моллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларни қаровсиз қолдирманг. Кўчада ва жамоат жойларида ҳушёрликни оширинг. Бефарқлик — жиноятнинг энг катта шеригидир. Атрофингизда юз бераётган шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлманг.
Ҳурматли фуқаролар!
Сизнинг хавфсизлигингиз — бизнинг олий мақсадимиз. Агар сиз жиноят гувоҳи бўлсангиз ёки ўзингизга нисбатан таҳдид сезсангиз, зудлик билан 102 қисқа рақамига ёки ҳудудий профилактика инспекторига мурожаат қилинг.
Тинчлик ва осойишталикни асрайлик!
