Сўз — очиқ танлов ғолибига
2026-04-01 16:45:00 / Янгиликлар

Шоҳнур Даминов: Юксак ишонч — улкан масъулият
Бугунги кунда юртимизда давлат бошқаруви тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, малакали ва ташаббускор кадрларни саралаб олишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, очиқ танловлар орқали муносиб номзодларни танлаб олиш амалиёти ҳар бир фуқарога ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш имконини бермоқда.
Мен ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, очиқ танловда иштирок этдим. Танлов жараёнида билим, тажриба, масъулият ва ташаббускорлик асосий мезон сифатида баҳолангани мен учун катта мактаб бўлди. Ушбу танлов якунига кўра Шўрчи тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи етакчи мутахассиси лавозимига ишга қабул қилинганим мен учун катта шараф ва айни пайтда юксак масъулиятдир.
Албатта, бу каби ишонч ҳар бир давлат хизматчисидан фидойилик, ҳалоллик ва самарали меҳнатни талаб этади. Зиммамга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, фуқаролар мурожаатларига эътиборли бўлиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда масъулият билан ёндашиш, жамоа билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш фаолиятимнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар биримиздан доимий изланиш, ўз устида ишлаш ва янгича фикрлашни талаб этади. Мен ҳам ушбу ишончни оқлаш, билим ва кўникмаларимни янада ривожлантириш, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида муносиб меҳнат қилишга астойдил ҳаракат қиламан.
