Ёшлар ютуғи - янги имкониятлар эшиги
2026-03-05 16:50:00 / Янгиликлар

Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоев иқтидорли ўқувчилар билан учрашди. Улар орасида Шўрчи туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 10-“А” синф ўқувчиси Шабнам Абдумўминова ҳам бор. Ёш бўлишига қарамасдан, у билим ва иқтидори билан тенгдошлари орасида алоҳида ажралиб туради.
Шабнам Абдумўминова халқаро ва миллий миқёсдаги ютуқлари билан эътиборга сазовор. У халқаро IELTS имтиҳонидан 6,5 баллни қўлга киритган. Шунингдек, миллий сертификат бўйича Ўзбек тили ва адабиёти фанидан А даража соҳибаси ҳисобланади. Бундан ташқари, у Ҳиндистон давлатидаги "Манав Rachna" университети томонидан ташкил этилаётган конференцияда иштирок этиш учун расмий таклиф ҳам олган.
Ёш бўлишига қарамай бир қатор ютуқларга эришаётган Шабнам “Ибрат дебати”нинг Шўрчи туманидаги координатори сифатида ёшларни мунозара ва фикр алмашиш маданиятига чорлаб келмоқда. Шу билан бирга, ихтисослаштирилган мактабнинг “Заковат” клуби терма жамоасининг сардори сифатида ҳам фаолият юритади.
Эътиборлиси, у ҳали 10-синф ўқувчиси бўлишига қарамасдан, олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари даражасидаги билимларини намоён этиб, 167 баллни қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Учрашув давомида туман ҳокими Акбарали Ишмурзоев иқтидорли ёшларнинг ютуқларини алоҳида эътироф этди. Бундай билимли, интилишга тўла ёшлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини барпо этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, уларга келгусидаги ўқиш ва илмий фаолиятида омад тилади.







