Сукунат бағридан кучли келажак сари
2026-03-03 10:25:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг “Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола – жамиятимизнинг катта ютуғи” деган ҳаётий ғоялари асосида Шўрчи туманидаги 122-кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бу даргоҳ остонасидан кирган ҳар бир бола аввало меҳр-эътибор, тушуниш ва ишонч муҳитини ҳис этмоқда. Сукунат бағрида улғайган бу ўғил-қизлар учун мактаб – оддий таълим даргоҳи эмас, балки имкониятлар эшиги, орзулар қанот ёзадиган маскан ҳисобланади. Бу ерда уларга нафақат фанлар ўқитилмоқда, балки ҳаёт сабоқлари, мустақил турмуш кўникмалари, энг муҳими, ўз кучи ва иқтидорига ишониш туйғуси сингдирилмоқда.
Мактаб-интернатда касб-ҳунар ўрганиш жараёнлари изчил ва мазмунли йўлга қўйилган. Замонавий жиҳозланган устахоналарда тикувчилик ва чеварлик сирлари ўргатилмоқда, ёғочга ишлов бериш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилмоқда, ошпазлик йўналишида эса турли таомлар тайёрлаш кўникмалари шакллантирилмоқда. Ҳар бир машғулотда ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилияти инобатга олинаётгани ҳам бор гап. Улар тайёрлаган буюмлар, либослар ва таомлар нафақат ўқув жараёни самараси, балки меҳнатга бўлган ҳурмат ва интилиш тимсолидир.
Мактаб-интернат фаолияти инсон қадрини улуғлаш, имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар намунасидир.





