“Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусида семинар ўтказилди
2026-02-13 16:20:00 / Янгиликлар

Шўрчи туманида “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусида маънавий-маърифий семинар ташкил этилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад — хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш жараёнларида фаол иштирокини таъминлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар илмли аёл — жамият таянчи эканини, оиладаги тарбия ва маънавий муҳитнинг шаклланишида она билими ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва илмий фаолият билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Мутахассислар томонидан қизлар ўртасида замонавий касбларга қизиқишни ошириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Савол-жавобларга ва саҳна кўринишларга бой бўлган семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган хотин-қизларга ташаккурномалар топширилди ва келгусида ҳам бу каби маърифий учрашувларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
“Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусидаги мазкур семинар хотин-қизларнинг илм-маърифатга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.









