Шофиркон тумани ҳокими Алишер Файзиллоевнинг ҳокимлик жамоаси ва ташкилот ходимларига мурожаати
2025-08-28 13:10:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев жорий йилнинг 5-март куни бўлиб ўтган Миллий Кенгаш йиғилишида шундай таъкидлаган эдилар:
“Коррупциянинг олдини олиш — давлат хизматга профессионал ва фидоий кадрларни танлаш ҳамда уларни ҳалоллик вакцинаси билан эмлашдан бошланади. Коррупцияга жамият танасидаги саратон сифатида қараш керак.”
Бу фикрлар коррупциянинг нақадар хавфли иллат эканини чуқур англашга, унга қарши жиддий ва тизимли кураш олиб боришга ундайди.
Зеро, коррупция нафақат давлатимизга моддий зарар етказади, балки:
-
янги ислоҳотларга тўсқинлик қилади;
-
тадбиркорлик муҳитини издан чиқаради;
-
ижтимоий адолатга путур етказади;
-
энг оғири — халқнинг давлатга бўлган ишончини емиради.
Шу боис, ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди ва ҳар бир оддий ходим аввало ўзини ҳалоллик мезонида синаб кўриши шарт.
Афсуски, айрим ҳолларда баъзи ходимлар ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний ишлар — кредит ажратиш, қурилиш рухсатномалари, бюджет маблағларини тақсимлаш каби жараёнларда шахсий манфаатларини кўзлаган хатти-ҳаракатларга йўл қўймоқда.
Халқимиз бежизга “Қингир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” демаган. Ҳар қандай коррупциявий жиноят, албатта, фош бўлади ва қонуний жазосини топади.
Унутмаслигимиз керакки, давлат хизматчиси — бу оддий лавозим эгаси эмас. У — халқ ишонч билдирган, давлат номидан иш юритувчи, ҳалоллик ва адолат намунаси бўлиши лозим бўлган шахсдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 15- ва 16-моддаларида давлат хизматчилари учун ҳалоллик, одиллик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби тамойиллар аниқ белгиланган.
Бу қонун — бизнинг фаолиятимизга ҳуқуқий мезон, халқ олдидаги бурчимизга эса ахлоқий компас бўлиб хизмат қилиши керак.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Келинг, фаолиятимизни холисона таҳлил қилайлик. Ҳар биримиз давлат ва халқ манфаатини шахсий манфаатдан устун қўяйлик.
Коррупцияга қарши курашни — умумий вазифа, ҳалолликни эса — касб шаъни деб билгайлик.
Унутмайлик, юртимиз келажаги, ёшлар тақдири ва ислоҳотлар муваффақияти — аввало бизнинг ҳалоллигимизга боғлиқ.
Келинг, бир жамоа сифатида Президентимиз белгиллаб берган “Тараққиёт стратегияси”, 5-мартаги Миллий Кенгаш йиғилиши топшириқлари ҳамда Ҳукуматнинг барча устувор йўналишларини сўзсиз ва садоқат билан амалга оширишга сафарбар бўлайлик.
“Ҳалоллик — бу энг катта бойлик. У билан ҳар қандай мансаб, ҳар қандай лавозим юксак шарафга айланади.”
Сизларни коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлишга, жамоавий ҳалоллик ва виждон асосида хизмат қилишга чақираман!
