Чандир ҳудудидаги деҳқон бозори: замонавий савдо майдонига айланиш йўлида
2025-07-26 13:10:00 / Янгиликлар

Ушбу бозор 2023-йил бошидан бошлаб тадбиркор Сафаров Музаффар ташаббуси билан обод этилган, савдо-сотиқ фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда бозор “Бобиршох Миролим” МЧЖ томонидан бошқарилмоқда ва туманимиздаги энг фаол ва жипс бозор майдонларидан бири сифатида фаолият юритмоқда.
Бозорда 60 нафарга яқин деҳқон вилоятнинг турли ҳудудларидан келиб, арзонлаштирилган маҳсулотларни аҳолига тақдим этмоқда. 20 га яқин тадбиркор эса доимий савдо фаолиятини юритмоқда. Шу билан бирга, МЧЖ томонидан 10 нафар ходим доимий иш ўрни билан таъминланган.
Тадбиркорлар бозор фаолиятини янада кенгайтириш, хизматлар кўламини ошириш мақсадида деҳқон бозорлари учун ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиб янги лойиҳаларни йўлга қўймоқда.
Яқинда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баходир Саломов ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Назир Беков бошчилигида Чандир маҳалла фуқаролар йиғинда жойига чиқиб бозор фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида бозорда мавжуд муаммолар, хусусан тадбиркорларнинг ерда ўтириб савдо қилиш ҳолати, қулай шароитларнинг етишмаслиги, санитария-гигиена талаблари бўйича камчиликлар аниқланиб, уларга амалий ечим топиш юзасидан муҳим вазифалар белгиланди.
Туман раҳбарияти томонидан бозор ҳудудида замонавий павильонлар барпо этиш, инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш бўйича бозор маъмуриятига аниқ топшириқлар берилди. Бу эса нафақат савдо маданиятини ошириш, балки аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Чандир ҳудудидаги ушбу деҳқон бозори бугун ўзини оқлаётган ва истиқболда янада замонавий савдо масканига айланиш салоҳиятига эга майдонлардандир. Давлат раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган маҳалла ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати асосида олиб борилаётган бундай ташаббуслар, албатта, юртимиз иқтисодиёти ва фуқаролар фаровонлиги йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.



