Шофиркон тумани ҳокими Алишер Файзиллоевнинг ҳокимлик жамоаси ва ташкилот раҳбарларига мурожаати
2025-06-25 09:15:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни бўлиб ўтган Миллий Кенгаш йиғилишида коррупцияни жамият танасидаги “саратон” касалига қиёслаб, қуйидаги фикрларни билдирган эдилар: “Коррупциянинг олдини олиш — давлат хизматига профессионал ва фидоий кадрларни танлаш, уларни ‘ҳалоллик вакцинаси’ билан эмлашдан бошланади.” “Давлат бошқарувида коррупция — бу халқ ишончининг емирилиши. Бундай ҳолатларга биз асло йўл қўя олмаймиз!” Бу сўзлар ҳар биримиз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бироқ, айрим соҳаларда коррупция ҳолатлари учраб туриши, олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига жиддий путур етказмоқда. Шуни унутмаслигимиз зарур: “Қингир ишнинг қииғи қирқ йилда ҳам чиқади.” Содир этилган ҳар қандай коррупцион жиноят албатта фош этилади ва қонуний баҳосини олади. Сизларни огоҳлантириб айтмоқчиман: жиноят учун жаза муқаддар.
Ҳар бир давлат хизматчиси бу ҳақиқатни юрагига яқин олиши шарт. Давлат хизматчиси — бу оддий лавозим эмас, балки халқ ишончининг тимсоли, давлат номидан ҳаракат қилувчи шахсдир. Шу боис, давлат хизматчиси бўлиш — улкан шараф билан бирга юксак масъулиятни ҳам талаб қилади. Мазкур фикрлар 2022 йил 8 августда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 15- ва 16-моддаларида ҳам ўз ифодасини топган. Ушбу моддаларда давлат хизматчисидан ҳалоллик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва фидойилик талаб этилади.
Шунингдек, халқимизга берган ҳар бир ваъдамиз, амалга ошираётган ҳар бир ислоҳотимиз — поклик, ҳалоллик ва масъулият асосида бўлиши керак. Зеро, “халқнинг ишончини йўқотган раҳбарнинг лавозими бўш қолади” — бу Президентимизнинг қатъий позициясидир. Келинг, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни холисона таҳлил қилайлик. Шахсий манфаатларни эмас, халқ манфаатини устувор қўяйлик.
Ўз вазифамизни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришга бел боғлайлик. Юртимизнинг эртанги куни, фарзандларимизга қолдирадиган жамият сифати — бугун биз қандай раҳбар бўлишимизга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Тараққиёт стратегияси”, Миллий Кенгаш йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйилган топшириқларни оғишмай бажариш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Мен сизларни биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб боришга чақириб қоламан!
Ҳурмат билан,
Алишер Файзиллоев Шофиркон тумани ҳокими
