РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-11-14 00:30:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Шофиркон туманида ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, хусусан, туман марказидаги асосий кўчалар йўл бўйларини ҳамда Хўжа Ориф ар-Ревгарий зиёратгоҳи ҳудудини янада чиройли ва кўркам ҳолатга келтириш, зиёратчилар ва туман аҳолиси учун янада қулай ҳамда хуш кайфият бағишловчи муҳит яратиш мақсадида турли хил манзарали гуллар олиб келинган.
Мазкур ишларни мувофиқлаштириш ва ташкил этиш масъулияти туман ҳокими ўринбосари Рухиддин Ғафуров ҳамда туман ҳокими ёрдамчисига юклатилган.
Гулларни экиш жараёнида айрим гуллар Шофиркон туман Ободонлаштириш бошқармаси ходими томонидан туман марказидаги котеджлар атрофига экилган. Мазкур гуллар эса белгиланган режага мувофиқ, аввало, Хўжа Ориф ар-Ревгарий зиёратгоҳи ҳамда туман марказидаги асосий кўчалар бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ажратилган эди.
Шу сабабли туман ҳокими ёрдамчиси томонидан гулларнинг белгиланган ҳудудларга, хусусан, зиёратгоҳ ҳудудига экилиши лозимлиги тушунтирилган. Мазкур жараёнда томонлар ўртасида юзага келган тушунмовчилик натижасида ҳолат видеотасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолатда ходимларга нисбатан босим ўтказиш ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсади бўлмаган. Воқеа, асосан, ишларни ташкил этиш ва гулларни белгиланган ҳудудларга жойлаштириш масаласидаги ўзаро тушунмовчилик натижасида келиб чиққан.
Ҳозирда мазкур тушунмовчиликка барҳам берилди. Томонлар ўртасида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди. Ҳар икки томон ҳам юзага келган вазиятдан афсусда эканини билдирди ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилди.
Шофиркон туман ҳокимлиги барча ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари белгиланган тартиб асосида, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида олиб борилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳар қандай ҳолат юзасидан хулоса чиқаришда воқеанинг тўлиқ мазмуни ва барча томонларнинг фикрини инобатга олиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаймиз.
Шофиркон туман ҳокимлиги аҳоли ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотга тайёр ҳамда ҳудудда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва фаровон муҳит яратиш борасидаги ишларни изчил давом эттиради.
