Шофирконда “Яшил макон”: кўчат етиштиришдан яшил белбоғларга қадар
2026-11-11 22:45:00 / Янгиликлар

Давлат ўрмон хўжалиги таркибидаги энг йирик ҳудудлардан “Ўрмон хўжалиги 2-участкаси” 37 492,9 гектар, “Ғалаба ҳудуди” эса 11 587,3 гектар майдонни эгаллайди.
Бугунги кунда ушбу хўжаликда мавжуд ўрмонзорларни асраш ва парваришлаш билан бир қаторда, янги кўчатларни етиштириш ва уларни туманнинг турли ҳудудларига манзилли жойлаштириш бўйича ҳам қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Кўчатлар — яшил келажак пойдевори
Айни пайтда ўрмон хўжалигида кўчат етиштириш ишлари энг қизғин паллага кирган. Хўжаликда етиштирилаётган кўчатлар туман марказидан тортиб, фермер хўжаликлари ерлари, йўл бўйлари ва бошқа белгиланган ҳудудларгача етказилиб, яшил белбоғлар барпо этишга хизмат қилмоқда.
Хўжаликда 40 га яқин турдаги мевали ва манзарали дарахт ҳамда ўсимликлар етиштирилаётгани эса ҳудудни кўкаламзорлаштириш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Жумладан, япон сафораси, каталпа, шумтол, қайрағоч, терак, тут, жийда, узум, турли хил мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда чўл ўсимликларининг кўчатлари парвариш қилинмоқда.
“Яшил макон” — кенг кўламли ҳаракат
Шофиркон тумани бўйича “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 1 миллион 115 минг 900 дона кўчат экиш режалаштирилган.
Белгиланган режа доирасида 308 647 дона мевали дарахт кўчати, 291 380 дона чўл ўсимлиги, 185 495 дона тут, 143 735 дона узум, 86 968 дона терак ҳамда бошқа турдаги дарахт ва манзарали ўсимликлар кўчатларини экиш кўзда тутилган.
Энг муҳими, ушбу кўчатларнинг асосий қисми бевосита Шофиркон туманидаги ўрмон хўжалигида етиштирилмоқда. Бу эса кўчатларни ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос равишда парваришлаш, сифатли экиш материалини шакллантириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини узлуксиз ташкил этиш имконини бермоқда.
Манзилли экиш ва назорат — муҳим вазифа
Бугунги кунда кўчатларни шунчаки экиш эмас, балки уларни белгиланган манзилларга, ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиб тўғри жойлаштириш, парваришлаш ва келгусида яшил ҳудудга айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Шофиркон тумани ҳокими Момин Амонов туман ИИБ раҳбари Абдулло Норов билан биргаликда ўрмон хўжалигида етиштирилаётган кўчатлар, уларни парваришлаш жараёни ҳамда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчатларни белгиланган ҳудудларга манзилли экиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганиш давомида кўчатларни сифатли етиштириш, уларни ўз вақтида манзилларга етказиш, экиш ишларини тизимли ташкил этиш ва экилган кўчатларнинг келгусидаги парваришига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Яшил белбоғлар — фаровон ҳаёт гарови
Шофирконда амалга оширилаётган бу ишлар кўчат экиш билангина чекланмайди. Бу — келажак учун мустаҳкам экологик пойдевор яратиш, аҳоли учун янада қулай ва соғлом яшаш муҳитини шакллантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда табиатни асраб-авайлашга қаратилган узоқ муддатли эзгу ташаббусдир.
Бугун тупроққа қадаб қўйилаётган ҳар бир ниҳол эртага соя-салқин берадиган дарахтга, яшил ҳудудга ва табиатнинг ажралмас қисмига айланади.
“Яшил макон” — шунчаки кўчат экиш эмас. Бу келажак авлод учун тоза ҳаво, сўлим табиат, обод ҳудуд ва фаровон ҳаёт сари ташланган муҳим қадамдир.
Шофирконнинг кенг ҳудудларида қад ростлаётган яшил белбоғлар эса туман тараққиёти билан бир қаторда, унинг экологик қиёфасини ҳам тобора гўзаллаштириб боради.



