Шофиркон туманида ижтимоий соҳа обектлари учун 88,227 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда
2026-10-13 15:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, умумтаълим мактабларини мукаммал таъмирлаш учун Хўжа Ориф маҳалласидаги 1-сонли, Дўрмон маҳалласидаги 27-сонли, Талисангобод маҳалласидаги 32-сонли ҳамда Ҳорин маҳалласидаги 48-сонли мактабларга жами 63 миллиард 795 миллион сўм маблағ ажратилган.
Мактабгача таълим соҳасида Султонобод маҳалласидаги 18-сонли, Шодлик маҳалласидаги 19-сонли ҳамда Нурафшон маҳалласидаги 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш учун жами 18 миллиард 246 миллион сўм маблағ назарда тутилган.
Хусусан, туман ҳокими Мўмин Амонов Нурафшон маҳалласидаги 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Мазкур лойиҳа учун қарийб 4 миллиард 750 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, 90 нафар болага мўлжалланган муассасада таълим-тарбия олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Тиббиёт соҳасида эса Жўшўра маҳалласидаги 43-сонли оилавий поликлиника филиали ҳамда Алишер Навоий маҳалласидаги Додбоғни оилавий шифокорлик пунктини мукаммал таъмирлаш учун жами 6 миллиард 186 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида таълим муассасаларида ўқувчилар ва тарбияланувчилар учун янада қулай шароитлар яратилиши, тиббиёт муассасаларида эса аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш учун имкониятлар кенгайиши кутилмоқда.
Шофиркон туманида ижтимоий соҳа обектларини янгилашга қаратилаётган эътибор аҳоли фаровонлигини ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва ҳудудни комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.




