Шофиркон туманида тиббиёт муассасалари янгиланмоқда
2026-10-13 13:30:00 / Янгиликлар

Айни пайтда тумандаги бир нечта тиббиёт обектларида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Жумладан:
Гулистон маҳалласидаги 44-сон оилавий поликлиниканинг Шўрабод филиали;
Жўйрабод маҳалласидаги 50-сон оилавий поликлиниканинг Жўйрабод филиали;
Қайрағоч маҳалласидаги 49-сон оилавий поликлиниканинг Қайрағоч филиали;
Қайрағоч маҳалласидаги 49-сон оилавий поликлиниканинг Амир Темур филиали;
Қалъа маҳалласидаги Талисанобод оилавий шифокор пункти;
Котиён маҳалласидаги Талижа оилавий шифокор пунктининг Келачи филиали.
Мазкур обектларни реконструкция қилиш орқали тиббиёт муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш, замонавий талабларга жавоб берадиган шароитларни яратиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсад қилинган.
Шофиркон тумани Гулистон маҳалласи ҳудудида жойлашган 44-сон оилавий поликлиниканинг Шўрабод филиалида амалга оширилаётган қурилиш ишлари алоҳида аҳамиятга эга.
Аввалги бино узоқ йиллар фойдаланиш натижасида таъмирталаб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Шу сабабли тиббий хизматлар ҳудуддаги шифокор хонадонида ташкил этилган бўлиб, бу ҳолат аҳолига қулайлик яратиш борасида муайян қийинчиликларни юзага келтирган.
Эндиликда эски бино ўрнида замонавий талабларга жавоб берадиган, зарур шарт-шароитларга эга янги оилавий поликлиника биноси барпо этилмоқда. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши маҳалла аҳолиси учун тиббий хизматлардан янада қулай фойдаланиш имконини яратади.
Шофиркон тумани ҳокими Мўмин Амонов мазкур қурилиш обектида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида қурилиш ишларининг бориши, сифат талаблари ва белгиланган вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларини замонавий талабларга мос равишда барпо этиш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ҳамда қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш масалалари муҳимлиги таъкидланди.
Шубҳасиз, ушбу бунёдкорлик ишлари натижасида Шофиркон туманида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизими янада такомиллашиб, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
Инсон саломатлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлидаги бундай эзгу ишлар ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда халқимиз учун муносиб яшаш шароитларини яратишга хизмат қилади.









