Шофиркон туманида мактабгача таълим муассасаси замонавий қиёфа касб этмоқда
2026-10-13 12:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 8-октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-298-сонли қарори ҳамда 2026-йил 5-февралдаги “2026-йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-49-сонли қарорлари ижроси доирасида ҳудудларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур дастурлар асосида тумандаги ижтимоий соҳа обектлари, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун қарийб 38 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Айни пайтда Шофиркон туманининг Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 21-сонли мактабгача таълим ташкилотини энергия самарадорлиги тамойиллари асосида модернизация қилиш ва реконструкция этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 3 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган.
1975-йилда қурилган мазкур мактабгача таълим ташкилоти йиллар давомида фойдаланиш натижасида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Эндиликда муассасани янгилаш, унинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ва болажонлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ушбу даргоҳда 160 нафар бола тарбияланмоқда. Муассасанинг замонавий қиёфа касб этиши, таълим-тарбия учун муносиб муҳит яратилиши, энг аввало, фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмаган маҳалла аҳолисини қувонтирмоқда.
Зеро, мактабгача таълим ташкилотларини янгилаш нафақат биноларни таъмирлаш, балки ёш авлоднинг соғлом, билимли ва баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шароитларни яратиш демакдир.
Юртимизда амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари инсон қадри, аҳоли фаровонлиги ва келажак авлод камолотига қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.






