Шофиркон тумани прокурори Фозилов Ҳамза Ҳакимовичнинг туман ахолисига мурожаатномаси
2026-08-12 22:20:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда қишлоқ, гузар ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам “Давлат ва халқ таянадиган асосий устун – қонун, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим эса ички ишлар соҳаси” дея тизимга алоҳида эътибор қаратиб, бу соҳадаги ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик эканлигини қайта-қайта уқтириб келадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сонли қарорининг жойларда мукаммал ижро этилиши ҳамда бу борадаги вазифаларнинг қатъий сўров асосида ижрога қаратилганлиги натижасида махаллаларда жиноятчиликнинг қарийб 1,5 бараварга камайишига эришилганлиги боис, мазкур қарорнинг мантиқий давоми сифатида, жорий йил 5 январ куни “Республика маҳаллаларида ҳавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1 ва “2026 йилда Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2 сонли қарорларининг қабул қилиниши айни кундаги замон талабига биноан, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги оқилона сиёсатнинг ҳуқуқий асоси сифатида яратилиб, мазкур норматив ҳуқуқий хужжатларга кўра, ҳудудлар ва маҳаллалар тегишли раҳбарлар ҳамда масъулларга номма-ном бириктирилди.
Жорий йил 27 январ куни “Ҳавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таминлаш бўйича наъмунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари” юзасидан видеоселектор йиғилишида давлатимиз рахбари томонидан айтилган қуйидаги иқтибосни келтирмоқчиман, ”Бугун давлат ва жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қиладиган 4 та йўналиш, бу уюшган жиноятчилик, гиёхвандлик, кибержиноят ҳамда яширин иқтисодиёт бўйича тасирчан чоралар белгилаш учун йиғилдик, бу муаммоларнинг хар бири алохида-алохида хавфли, лекин уларнинг бир бўлиб ҳаракат қилётгани янада жиддий тахдидларни юзага келтиради. Бутун жамиятимиз билан мана шу тўртта йўналиш бўйича курашишимиз керак,” – деб қатъий йўналиш белгилаб берганликларини алохида таъкидлаш лозимдир.
2026 йил 07 ойи давомида туман худудида жами 180 та жиноят содир этилиб, шундан 52 та олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар, 117 та аниқланган жиноятлар содир этилди. Жиноятлар ўтган йилгига нисбатан жиноятлар 10 фоизга камайди. Тумандаги 49 та маҳаллалардан 2 таси “қизил” 18 таси “сариқ” ва 29 таси “яшил” тоифага киритилган.
Шофиркон тумани бўйича жами 228 та камералар ўрнатилди:
– аҳоли гавжум жойлар (кўчалар)га 22 та кузатув, кўп қаватли уйларга 6 та ПТЗ-камералари;
– маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойларига 53 та, савдо марказлари (бозорлар)га 2 та юзни ва авторақамни таниб олувчи камералар;
– мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига 17 та, мактабларнинг очиқ майдонларига 4 та ПТЗ камералари ўрнатилди.
Дунё бўйлаб содир бўлаётган воқеалардан хабарингиз бор. Чексиз миннатдорлик билан айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриб, ҳар биримизнинг ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Юртда давом этаётган изчил тараққиётни кўзимиз билан кўриб, қалбимизда ҳис қилиб, кундалик турмушимизда сезиб яшамоқдамиз. Шубҳасиз, буларнинг барчаси Президентимизнинг тинимсиз меҳнати, доно сиёсатлари ва улкан саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Шу ўринда, ён-атрофимиздаги таҳликали вазият, чигаллашган маконда мамлакатимиз тақдирига, айниқса ёшлар онгига ижтимоий тармоқлар ёрдамида “оммавий маданият”, “сохта демократия”, нотўғри диний тушунчалар орқали таҳдид бўлаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Юқоридаги нуқтаи назардан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган манзилли ишларни янада кучайтиришимизни тақозо этмоқда.
Тан олиб айтишимиз керак, олдимизда жуда кўплаб турли хил хавф-хатарлар турибди. Ҳозирги кунда жуда авж олиб бораётган кибержиноятлар, яъни ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноий тажовузлар шулар жумласидандир. Бу турдаги жиноятлар замон ва макон танламаслиги ва масофадан туриб содир этилаётганлиги сабабли иш фаолиятимизда анчайин қийинчиликларни туғдирмоқда. Фуқароларимиз кибержиноятчиларнинг турли алдовлари билан юборилган сохта ҳавола (линк) орқали карта бошқарувини қўлга киритиш, интернет орқали онлайн савдоларни амалга оширишда пул маблағларини тўлаш, пул кўпайтириб бериш учун ўтказиш ва бошқа йўллар орқали алдов қурбонига айланишмоқда.
Яна бир долзарб муаммо – гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар. Ички ишлар органлари ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда туманимиз ҳудудида гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб бормоқдамиз. Бу иллатга қарши кескин курашишда, энг аввало, ёшлар ҳамда вояга етмаганлар орасида кенг тарқалишининг олдини олишда манзилли, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашган, гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланиш ижтимоий тармоқларга кўчган! Интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда. Бу жараёнга бизнинг содда ёшларимиз, айниқса вояга етмаганларнинг жалб этилаётгани эса ўта хатарли. Бу жиноий гуруҳлар фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Уларга етиб бориш турли қийинчиликларни туғдирмоқда. Буни яширолмаймиз, албатта.
Аммо фуқароларимиздаги лоқайдлик ва атрофдаги ҳодисаларга бееътиборлик ҳам айнан ушбу турдаги жиноятларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлмоқда. Негадир мана шундай реклама қоғозларини уйингиз эшигига, деворларга, кўча ва жамоат жойларида ёпиштириб кетаётганларни тўхтатмайсиз? Бундай шубҳали шахслар тўғрисида ҳуқуқ-тартибот органларига ёки “112” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бермайсиз? “Оч қорним – тинч қулоғим” қабилида иш тутаётганлар! Огоҳ бўлинг! Бу иллат Сизнинг ҳам хонадонингизга кириб бормаслигига ким кафолат беради? Бу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Шунинг учун, ҳурматли ота-оналар, азиз ватандошлар, эътиборли бўлинг! Фарзандларингиз, ака-ука, яқинларингиз, таниш-билишларингиз орасида хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида кутилмаган ўзгариш бўлса, буни яширишга уринманг. “Маҳалла-кўй, таниш-билишлар нима дейди?” деган ўй-хаёл билан яширманг. Бир ўзингиз уларни оғу домидан чиқариб ололмайсиз. Бундай шахсларга мутахассисларнинг ёрдами керак. Ўз вақтида яқинларингизни гиёҳвандлик домидан тортиб олсангиз, янада оғирроқ оқибатларнинг олдини олган бўласиз.
Биз бу жиноятларни содир этаётганларни аниқлаб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаймиз. Лекин шахс жавобгарликка тортилиши билан унинг келажаги, оиласи нима бўлади? Бу иллат бутун жамиятимиз ва келажагимизга катта хавф туғдиришини унутмайлик. Яна бир масала, аксарият ҳолларда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган ва ундан заҳарланган ёшларнинг яқинлари буни билган, кўриб турган. Бироқ мустақил ва яширинча ҳаракат қилиб, тегишли идораларга ўз вақтида маълум қилмаганлар.
Гиёҳванд моддалар ёки кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли таъсири остида ҳар қандай жиноятлар, айниқса энг оғир турдаги жиноятлар содир этилиши муқаррар ва биз бу ҳолатларни ўз тажрибамиз давомида кўриб турибмиз. Бундай воситалар таъсири остида транспорт воситаларини бошқарган шахслар эса оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини содир этишлари мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бундай шахслар нафақат ўз ҳаётига, балки бошқа бегуноҳ инсонларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйиши янада ачинарлидир.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман, бу – фирибгарлик. Бугунги кунда туманимизда жиноятчиликнинг катта салмоғини фирибгарлик жиноятлари ташкил этмоқда. Галдаги муҳим масалалардан яна бири бу – ўғрилик жиноятлари. Сўнгги вақтларда туманимиз ҳудудларида содир этилаётган жиноятчиликнинг биринчи ўринида ўғрилик жиноятлари турибди. Хусусан, хонадон, савдо дўконлари ва чорва мол ўғрилиги жиноятлари фуқароларимизнинг ўз мулкларини хавфсиз сақлашга эътиборсиз бўлаётганидан далолат бермоқда.
Айниқса:
Хонадонлар ва савдо дўконларининг қаровсиз қолдирилиши;
Эшик-деразаларга темир панжараларнинг ўрнатилмаганлиги ёки сифациз ва тез шикастланувчи осма қулфларнинг ўрнатилганлиги;
Автомототранспорт воситалари эшикларининг очиқ ҳолда ёки овлоқ жойларда қаровсиз қолдириб кетилиши;
Далаларда ёки яшаш уйидан узоқда, атрофи ўралмаган ҳовлиларда қорамоллар ва қўй-қўзиларнинг қаровсиз қолдирилиши;
Хонадон ёки савдо дўконларининг техник қўриқлаш пултига уланмаганлиги ёхуд автоном сигнализацияларнинг ўрнатилмаганлиги;
Корхона, ташкилот, муассаса, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида ташқи ёритиш ва видеокузатув мосламаларининг ўрнатилмаганлиги ёхуд қоровуллик хизматининг ташкил этилмаганлиги;
Автотураргоҳлар ва кўп қаватли уйларнинг кириш жойларида видеокузатув ва ёритиш мосламаларининг йўқлиги, подъэзд ва томга чиқиш эшикларининг қулфланмаслиги, велосипед, коляска ва бошқа шу каби буюмларнинг қаровсиз қолдирилиши ўғрилик жинояти содир этилишига шароит яратмоқда.
Азиз тумандошлар, ҳар биримиз ўз мол-мулкимизни асраб-авайлашга, уни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндашайлик. Агарда Сиз сафарга кетишни режалаштирган бўлсангиз, яшаш хонадонингизни қўриқлаш пултига топшириб, доимий равишда хонадон эшик-деразаларининг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратишингизни, автомашинангизни махсус автотураргоҳларда сақлашингизни, автомашина салонида пул ва қимматбаҳо буюмларни қолдирмаслигингизни, чорва молларини қаровсиз қолдирмаслигингизни сўраймиз. Айниқса, хонадонларни, савдо ва бошқа маиший хизмат кўрсатувчи шохобчаларни техник қўриқлаш пултига топшириш, видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш мулкингизнинг хавфсиз сақланишини кафолатлайди. Бу билан Сиз пешона тери билан йиққан мол-мулкингизни арзимас тўлов орқали кафолатли қўриқланишига эришасиз. Азиз фуқаролар! Бугунги кунда ўтказган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, қаерда видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлса, шу ерда ўғрилик ҳолатлари деярли содир бўлмаяпти.
Туманимизнинг жонкуяр фуқаролари! Шу ўринда, кўча ва жамоат жойларида арзимагани сабаблар билан тасодифий тортишувлар натижасида содир этилаётган жиноятларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман. Аниқ бир жиноятни содир қилишга қасди бўлмаса-да, тўсатдан вужудга келган ҳолат натижасида, кучли ҳис-ҳаяжон ёки асабийлашиш сабабли бир-бири билан дўппослашиб, тан жароҳати етказишмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Маҳаллангиз, оилангиз, яқинларингиз орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда сизлардан жонбозлик кўрсатишингизни сўраб қоламиз. Агарда Сизда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга “102” рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз. Албатта, хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз. Сизнинг шу хабарингиз орқали оғир оқибатли жиноятларнинг олди олиниши, инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини асло унутманг. Ҳеч биримиз бефарқликка берилмаслигимиз лозим. Агар Сизнинг маълумотингиз асосида оғир жиноятлар тўхтатиб қолинса, ўрнатилган тартибда рағбатлантириш чораларини кўрамиз. Шуни билингки, жиноят содир этилганидан кейин эмас, уларни олдиндан бартараф этишга эътибор қаратайлик.
Ҳурматли, тумандошлар! Фурсатдан оқилона фойдаланиб, Сиз азиз тумандошларимга чуқур ҳурмат ва самимий тилакларимни йўллайман. Ҳар бирингизга барака, мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик доимо ҳукм сурсин, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Эътиборингиз учун раҳмат!
