Матонат, меҳр ва меҳнат уйғунлиги: Тешаевлар оиласи – ибрат мактаби
2026-07-01 16:25:00 / Янгиликлар

Умрия опа турмуш ўртоғи Тешаев Мадиёрнинг бир неча йил аввал вафот этиши ортидан оғир ҳаёт синовига дуч келди. Аммо у тақдирнинг бу зарбасига таслим бўлмади. Аксинча, ўзининг бутун куч-ғайратини икки нафар фарзандининг муносиб келажаги ҳамда қайнотаси ва қайнонасига хизмат қилишдек шарафли бурчига бағишлади. Бугун беш нафар аъзодан иборат ушбу оиланинг таянчи, фарзандлари ва кексаларнинг суянчи айнан Умрия опа бўлиб келмоқда.
Бу оиланинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик энг олий қадрият сифатида қаралади. Айниқса, қайнонаси Тешаева Зубайда ва қайнотаси Тешаев Қўзи келинларини ҳеч қачон ёлғиз қолдирмадилар. Улар Умрия опага келин эмас, ўз қизидек меҳр кўрсатиб, унинг ва невараларининг келажагини ўз зиммасидаги масъулият деб билдилар.
Кексаларнинг оқилона маслаҳати, маънавий ва амалий кўмаги туфайли оила бугун ўзининг мустаҳкам иқтисодий пойдеворини яратишга муваффақ бўлди.
Юсуповалар оиласи меҳнатни энг катта бойлик деб билади. Улар ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, 20 сотих ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Жорий мавсумда томорқадан 1,5 тонна картошка ҳамда қарийб 650 килограмм саримсоқ пиёз етиштирилди. Ҳозирда карам ва помидор ҳосили йиғим-теримга тайёр.
Бундан ташқари, томорқадаги ўнга яқин анжир дарахтлари ҳам мўл ҳосил бериб, оила даромадига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Умрия опанинг таъкидлашича, томорқадан йилига ўртача 20–25 миллион сўм даромад олинади. Етиштирилган маҳсулотлар аввало оиланинг озиқ-овқат эҳтиёжини таъминлайди, ортиқча қисми эса оила томонидан ташкил этилган савдо дўконида сотилади. Бу эса оиланинг даромадини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Оиланинг даромад манбалари бунинг ўзи билан чекланмайди. Хонадонда 3 бош йирик шохли чорва моллари ҳамда 10 га яқин майда шохли моллар парвариш қилинмоқда. Чорвачилик ҳам оила фаровонлигини таъминлаётган муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Умрия опа маҳалланинг моҳир чеварларидан бири сифатида ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. У келин-куёвлар учун сарпо кийимлари, эркаклар ва аёллар чопонларини буюртма асосида тикиб, харидорларга етказиб бермоқда. Унинг меҳнатсеварлиги ва касбига бўлган меҳрини давлат ҳам муносиб қўллаб-қувватлади. Умрия Юсупова "Аёллар дафтари"га киритилиб, субсидия асосида замонавий тикув машинаси билан таъминланди. Бугунги кунда у тикувчилик фаолияти орқали ойига 2 миллион сўмга яқин даромад топмоқда.
Шундай қилиб, оиланинг асосий даромад манбалари — томорқачилик, савдо дўкони, чорвачилик ва тикувчилик бир-бирини тўлдириб, уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаб келмоқда. Энг муҳими, бу даромадлар ҳалол меҳнат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тинимсиз изланиш маҳсулидир.
Юсуповалар оиласи бугун нафақат ўз рўзғорини обод қилаётган, балки маҳалладаги кўплаб оилаларга ҳам ўрнак бўлаётган хонадонлардан биридир. Бу оилада келин ва қайнота-қайнонанинг ўзаро ҳурматга асосланган муносабати, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат ва бирдамлик ҳар бир инсон учун чинакам ибрат мактабидир.
Умрия опа ўзининг матонати, фидойилиги ва меҳнатсеварлиги билан замонавий ўзбек аёлининг ёрқин тимсоли бўлса, Тешаева Зубайда ва Тешаев Қўзи каби оқила ота-оналар эса оилани меҳр билан асраш, келинни қизидек қадрлаш ва фарзандларининг ортидан қолган оилани қўллаб-қувватлашнинг энг гўзал намунасини намоён этмоқда.
Бундай оилалар юртимизда оилавий қадриятлар, меҳр-оқибат ва ҳалол меҳнатнинг нақадар улуғ эканини амалда исботлаб, жамиятимизнинг мустаҳкам таянчига айланмоқда. Юсуповалар оиласи — матонат, меҳр, ҳамжиҳатлик ва ҳалол меҳнат туфайли ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкинлигини ўз ҳаёти билан намоён этаётган чинакам ибратли оиладир.









