Шофирконда 2 миллиард 466 миллион сўм маблағ эвазига қарийб 19,8 километр пиёдалар йўлаги барпо этилмоқда
2026-06-18 20:50:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ислом тараққиёт банки гуруҳи иштирокидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси (ПҚ–5246-сон қарор, 1-фаза) доирасида туманнинг Мирзоқул, Хоркаш, Дўрмон, Бобур, Тезгузар, Бобоҳайдар ҳамда Пашмон маҳалла фуқаролар йиғинларида умумий қиймати 1 миллиард 154 миллион сўм бўлган лойиҳа асосида қарийб 15 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилиши белгиланган.
Шунингдек, Бухоро вилоятида “Оғир маҳаллаларни ривожлантириш” дастури доирасидаги лойиҳаларни зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур асосида Бобоота маҳалла фуқаролар йиғинида 800 метр узунликдаги пиёдалар йўлаги қурилиши учун 160 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Бундан ташқари, Шофиркон туманини “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган манзилли дастур доирасида тумандаги аҳоли гавжум ҳудудларда умумий қиймати 1 миллиард 152 миллион сўм бўлган лойиҳа асосида 4 километр пиёдалар йўлаклари қурилмоқда.
Айни кунларда Хоркаш маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Мазкур ҳудудда 783 миллион сўм маблағ эвазига қарийб 2 километр замонавий пиёдалар йўлаги барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа маҳалла аҳолисининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, айниқса, болалар, ёшлар ва кексалар учун янада қулай шароит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари давлатимизнинг инсон манфаатларини улуғлаш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва маҳаллаларни обод масканларга айлантириш борасидаги эзгу мақсадларининг амалий ифодасидир. Маҳаллаларда яратилаётган замонавий инфратузилма обектлари фуқароларнинг кундалик ҳаётига қулайлик олиб кириб, ҳудудларнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилмоқда. Шубҳасиз, бу каби лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳаллаларни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.




