РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-06-07 17:05:00 / Янгиликлар

Видеода акс этган кўприк Шофиркон туманининг “Янгиқишлоқ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 80В023 “Янгиқишлоқ қишлоғи – Искогари қишлоғи – Чуқурак қишлоғи – Талисафет қишлоғи” автомобил йўлининг 5,6-километр қисмида жойлашган.
Мазкур автомобил йўли ва ундаги кўприкларга Шофиркон туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Ҳудуд аҳолиси орасида “Қўш кўприк” номи билан танилган ушбу нуқтада бир-бирига параллел жойлашган иккита кўприк мавжуд бўлиб, улар 1982-йилда қурилган.
Видеолавҳада кўрсатилган кўприк уч оралиқли бўлиб, узунлиги 24 метрни ташкил этади. Мутахассислар томонидан ўтказилган техник кўриклар натижасида оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракати таъсирида кўприк чоклари очилгани, оралиқ қурилмаларда ёриқ ва синишлар юзага келгани, шунингдек таянч ҳамда қозиқ қисмларида емирилиш ва коррозия жараёнлари кузатилгани аниқланган.
Шу сабабли фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мазкур кўприк орқали транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланган.
Ҳозирги кунда транспорт воситаларининг ҳаракати ёнма-ён жойлашган иккинчи кўприк орқали ташкил этилган. Ушбу кўприкнинг техник ҳолати қониқарли бўлиб, юк транспорт воситаларининг ўқига тушувчи 7 тоннагача бўлган юкламани кўтариш имкониятига эга. Натижада фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати узлуксиз ҳамда хавфсиз тарзда давом эттирилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 9-декабрдаги 773-сон қарорига мувофиқ, 80В023 автомобил йўлининг 5,6-километр қисмида жойлашган мазкур кўприкни реконструкция қилиш ишлари белгиланган. Ҳозирда ушбу лойиҳа бўйича тегишли ташкилий ва техник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шофиркон туман ҳокимлиги фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотларга муносабат билдиришда фақат расмий манбаларга таянишни сўрайди.
Шофиркон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
