ПҚ–5246-сон қарор ижроси: Тезгузар маҳалласида таълим обектлари янги ўқув йилига тайёрланмоқда
2026-06-07 16:05:00 / Янгиликлар

Ажратилган маблағлар ҳисобидан янги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, тиббиёт муассасаларини барпо этиш, маҳалла маъмурий биноларини қуриш, ичимлик суви тармоқлари ҳамда сув иншоотларини яратиш, ички йўлларни асфалтлаштириш, электр таъминотини яхшилаш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, ариқларни бетонлаштириш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида айниқса Тезгузар маҳалласида таълим соҳасини ривожлантириш ва ёшлар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда маҳалладаги 20-сон мактабгача таълим ташкилоти филиалида реконструкция ишлари якуний босқичга кирган. Ушбу обект учун 3 миллиард 168 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, лойиҳа якунлангач муассаса 90 ўринли қувватга эга замонавий мактабгача таълим маскани сифатида фаолият юритади.
Айни пайтда бинода ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, болажонлар учун замонавий гуруҳ хоналари, ўйин ва тарбия майдонлари, қулай овқатланиш ҳамда дам олиш шароитлари яратилади. Бу эса маҳалладаги мактабгача таълим қамровини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Тезгузар маҳалласида амалга оширилаётган яна бир йирик лойиҳа 6-сон умумтаълим мактаби билан боғлиқ. Мазкур таълим муассасасининг мавжуд 480 ўринли биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда қўшимча 180 ўринли янги ўқув блоки қуриш ишлари учун 5 миллиард 720 миллион сўм маблағ сарфланмоқда.
Бугунги кунда ушбу таълим масканида ҳам қурилиш ишлари деярли якунланиб, пардозлаш босқичи давом этмоқда. Янги ўқув блоки фойдаланишга топширилгач, мактабнинг қабул қилиш қуввати сезиларли даражада ортади, ўқувчилар учун янада қулай ва замонавий таълим муҳити яратилади. Шунингдек, синф хоналари, йўлаклар ва ёрдамчи бинолар замонавий талабларга мос равишда жиҳозланади.
Муҳими, мазкур лойиҳалар нафақат янги бинолар қуриш ёки мавжудларини таъмирлашга, балки ёш авлод учун сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши, замонавий ўқув муҳити яратилиши ҳамда қўшимча ўринларнинг ташкил этилиши натижасида ўқувчи ва тарбияланувчилар учун янада қулай шароитлар юзага келади.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, Тезгузар маҳалласидаги мазкур обектларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган жадвал асосида давом этмоқда. Режага кўра, мактабгача таълим ташкилоти филиали ҳамда 6-сон умумтаълим мактабидаги бунёдкорлик ишлари янги ўқув йили бошланишига қадар якунланиб, фойдаланишга топширилади.
Бугун Шофиркон туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари қишлоқ ҳудудларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ва энг муҳими, фарзандларимизнинг замонавий билим олиши учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилмоқда. Тезгузар маҳалласида қад ростлаётган ушбу таълим масканлари эса келажак авлод камолоти йўлида муҳим қадам бўлиб, маҳалла аҳлининг узоқ йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.






