300-сон қарор асосида Шофирконда энергия самарадорлиги лойиҳаларига қарийб 50 млрд сўм йўналтирилди
2026-06-07 15:05:00 / Янгиликлар

Мазкур дастур доирасида Шофиркон туманида таълим, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш, уларни замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар билан жиҳозлаш учун қарийб 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Дастур доирасида умумий қиймати 35 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан тумандаги бир қатор умумтаълим мактабларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Жумладан, Х. Ориф маҳалласидаги 1-сонли умумтаълим мактаби, Дўрмен маҳалласидаги 27-сонли умумтаълим мактаби, Талисангобод маҳалласидаги 32-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Хорин маҳалласидаги 48-сонли умумтаълим мактаби замонавий кўринишга келтирилади.
Таълим муассасаларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида ўқув хоналари, лабораториялар, спорт заллари ва ёрдамчи бинолар янгиланиб, ўқувчилар учун янада қулай ва хавфсиз таълим муҳити яратилади. Энг муҳими, ушбу лойиҳалар орқали энергия тежамкор технологиялар жорий этилиб, биноларнинг иссиқлик самарадорлиги сезиларли даражада оширилади.
Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ҳам дастурнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда тумандаги мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш учун 11 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан “Султонобод” маҳалласидаги 18-сонли, “Шодлик” маҳалласидаги 19-сонли ҳамда “Нурафшон” маҳалласидаги 30-сонли мактабгача таълим ташкилотларида реконструкция ишлари амалга оширилади.
Ушбу лойиҳалар натижасида болажонлар учун замонавий, қулай ва хавфсиз тарбия муҳити яратилади. Гуруҳ хоналари, ошхоналар, ётоқхона ва ўйин майдончалари янгиланиб, энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланади. Натижада 270 нафардан ортиқ болалар замонавий шароитларда тарбияланиш имкониятига эга бўлади.
Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш ҳам дастурдан ўрин олган. Бу мақсадлар учун 4 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, Жўшўра маҳалласидаги 43-сонли оилавий шифокорлик пункти ҳамда Алишер Навоий маҳалласидаги оилавий шифокорлик пунктида таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилади.
Мазкур тиббиёт муассасаларининг янгиланиши натижасида аҳоли учун яратилган шароитлар яхшиланиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қамрови ошади. Шунингдек, замонавий диагностика ва хизмат кўрсатиш имкониятларининг кенгайиши натижасида фуқароларнинг тиббий муассасаларга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ҳам ортиши кутилмоқда.
Дастур доирасида амалга ошириладиган барча лойиҳалар якунига етказилгач, 2376 нафар ўқувчи замонавий ва шинам таълим муассасаларида билим олиши, 270 нафар болажон янгиланган боғчаларда тарбияланиши ҳамда минглаб фуқаролар янада сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Бугунги ўрганишлар давомида туман раҳбарияти томонидан Х. Ориф маҳалласида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишилди. Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 1176 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун жами 16 миллиард 112 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, лойиҳа якунида муассасанинг моддий-техник базаси тубдан янгиланади.



