Меҳнат ортидан келаётган барака: Камоловлар хонадони тажрибаси
2026-05-22 16:15:00 / Янгиликлар

Оила вакилларининг айтишича, бугунги кунгача иссиқхона учун қарийб 7 миллион сўм харажат қилинган. Айни пайтда кўчатлар яхши ривожланиб, мавсум якунига қадар 1,5 тоннага яқин ҳосил олиш режалаштирилган.
Бу эса оиланинг даромадини ошириш билан бирга, маҳаллий бозорларда сифатли ва табиий маҳсулотлар етказиб берилишига ҳам хизмат қилмоқда.
Камоловлар оиласи 5 йилдан буён пиллачилик билан шуғулланиб келади. Жорий мавсумда улар 2 қути ипак қурти парваришлаб, 160 килограмм пилла топшириш бўйича шартнома имзолаган.
Бугунги кунга қадар 120 килограмм пилла топширилган бўлиб, оила бундан-да юқори натижани мақсад қилган. Хонадон эгалари мавсум якунига қадар 250 килограммдан ортиқ пилла топширишни режалаштирмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, пиллачиликнинг ўзидан қарийб 15 миллион сўм соф даромад олиш кўзда тутилган.
Айни кунларда хонадонда пилла терими қизғин давом этмоқда. Энг эътиборлиси, ҳашарда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар биргаликда фаол иштирок этмоқда. Бу эса халқимизга хос меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик фазилатларини яна бир бор намоён этмоқда.
Хонадонда қўшимча даромад манбаларидан яна бири асаларичилик ҳисобланади. Ҳозирда оилада 20 та асалари уяси мавжуд бўлиб, мавсум давомида 800 килограммгача асал олинади.
Етиштирилган табиий асал маҳаллий бозорларга чиқарилиб, ҳар килограмми 80 минг сўмдан сотилмоқда. Мазкур фаолият орқали йилига қарийб 60 миллион сўм даромад олинмоқда.
Асаларичилик нафақат даромад манбаи, балки табиат билан уйғун меҳнат, сабр ва масъулият талаб қиладиган сермаҳсул соҳалардан бири экани таъкидланди.
Камоловлар хонадонида кичик инкубатория ҳам ташкил этилган бўлиб, унда ҳар мавсумда 500 донадан ортиқ қора шаҳзода ва бошқа турдаги жўжалар чиқарилади.
Парваришланган жўжалар аҳолига етказиб берилиб, ҳар бири ўртача 40 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса оиланинг қўшимча даромад топишига хизмат қилмоқда.
Хонадон бекаси Муҳайё Раҳимованинг таъкидлашича, оиланинг бугунги фаровонлиги ортида тинимсиз меҳнат, сабр ва ҳаракат мужассам.
— Меҳнат қилсак, албатта баракасини кўрар эканмиз. Шу меҳнатларимиз ортидан фарзандларимизни вояга етказяпмиз, тўйлар қилдик, орзу-ҳавасларимизни кўряпмиз, — дейди у мамнуният билан.
Мазкур хонадонда айни кунларда давом этаётган кенг кўламли ҳашарда Шофиркон туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Мақсуда Тилавова ҳам иштирок этиб, хонадон эгалари томонидан йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолиятлари билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида томорқадан унумли фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва хонадон даромадини ошириш борасидаги тажрибалар алоҳида эътироф этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда томорқадан самарали фойдаланаётган, бир неча йўналишда меҳнат қилиб даромад топаётган бундай оилалар нафақат ўз рўзғорини обод қилмоқда, балки маҳалла иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.









