Шофирконда ғалла ўрими олдидан муҳим тайёргарлик: ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш бош мақсад
2026-05-18 23:10:00 / Янгиликлар

Ҳудудлар кесимида энг катта ҳажмдаги ҳосил Вардонзе ҳудудига тўғри келиб, бу ерда 4499 тонна дон қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, М.Чандир ҳудудида 1904 тонна, Боқи Афзал ҳудудида 1712 тонна ҳамда Дўрмен ҳудудида 1688 тонна буғдой қабул қилинади.
Ҳосил тақдирини белгиловчи масъул паллада туманда ўрим жараёнларига 20 та замонавий комбайн жалб этилган бўлиб, уларда 40 нафар оператор-механизатор меҳнат қилмоқда. Бугун ушбу техникаларнинг мавсумолди техник кўриги ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Мўмин Амонов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (“Агроинспекция”) бошқармаси бошлиғи Вали Нарзиев, Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ботир Ҳусанов ҳамда бир қатор масъуллар ва механизаторлар иштирок этди.
Кўрик давомида комбайнларнинг техник шайлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир бошоқни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ғалла — халқ ризқи, деҳқоннинг бир йиллик машаққатли меҳнати самараси. Шу боис ҳар бир килограмм донни асраб-авайлаб йиғиб олиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Тадбир давомида туман ҳокими томонидан ғалла ўримида қатнашаётган барча механизаторларга 2 миллион сўмдан рағбат пули ажратилиши, мавсум давомида алоҳида жонбозлик кўрсатган операторлар эса қўшимча равишда тақдирланиши маълум қилинди.
Шунингдек, механизаторларга ёғ ва ун маҳсулотлари топширилиб, уларнинг самарали фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратиб берилаётгани қайд этилди.
Бугун Шофирконда ҳар бир дала, ҳар бир комбайн ва ҳар бир механизатор зиммасида катта масъулият мужассам. Чунки ризқ-рўзимиз бўлган ғаллани ўз вақтида йиғиб олиш — нафақат иқтисодий, балки халқ фаровонлиги ва дастурхон тўкинлигининг муҳим омилидир.









