Шофирконда таълим инфратузилмаси кенгаймоқда: йирик лойиҳалар амалда
2026-04-26 13:30:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа асосида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болалар қамровини ошириш мақсадида қўшимча 590 ўрин яратиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун жами 19 миллиард 356 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, умумтаълим мактаблари қувватини ошириш, замонавий спорт заллари барпо этиш, қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш учун эса 37.4 млрд сўмдаги маблағлар ажратилган. Умуман олганда, таълим сифатини яхшилаш мақсадида мазкур дастур доирасида лойиҳалар қиймати қарийб 60 миллиард сўмни ташкил этади.
Мактабгача таълим йўналишида бир қатор муҳим обектлар қурилмоқда ва реконструкция қилинмоқда. Жумладан, Бобоҳайдар МФЙдаги 18-сонли мактаб ҳудудида 90 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти барпо этилмоқда. Шунингдек, Пахтаобод МФЙдаги 26-сонли мактаб ҳудудида ҳам худди шундай қувватга эга янги боғча қурилмоқда. Мирзоқул МФЙдаги 9-сонли, Бобур МФЙдаги 44-сонли ҳамда Тезгузар МФЙдаги 20-сонли мактабгача таълим ташкилотлари реконструкция қилинмоқда. Пашмон МФЙдаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг ҳар бири ҳудудларда болалар учун янада қулай ва замонавий муҳит яратишга хизмат қилади.
Умумтаълим мактаблари бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Мирзоқул МФЙдаги 28-сонли мактаб, Дўрмон МФЙдаги 3-сонли мактаб ҳамда Бобур МФЙдаги 25-сонли мактабларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хоракаш МФЙдаги 42-сонли мактабда эса реконструкция ишлари доирасида қўшимча ўқув биноси ва замонавий спорт зали қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Бобур МФЙдаги 53-сонли, Тезгузар МФЙдаги 6-сонли ҳамда Бобоҳайдар МФЙдаги 18-сонли мактабларда ҳам реконструкция ва кенгайтириш ишлари жадал давом этмоқда. Пахтаобод МФЙдаги 26-сонли мактабда эса қўшимча ўқув биноси қурилиши орқали ўқувчилар сиғими сезиларли даражада оширилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур бунёдкорлик ишлари юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа бўлиб, ҳудудда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Қурилиш жараёнларини яқиндан ўрганиш, ишлар сифатини назорат қилиш мақсадида туман ҳокими Мўмин Амонов қурилиш олиб борилаётган манзилларда бўлиб, пудратчи ташкилотлар раҳбарлари билан бевосита мулоқот қилди. Учрашувларда қурилиш сифатини ошириш, белгиланган муддатларда ишларни якунлаш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шубҳасиз, амалга оширилаётган ушбу кенг кўламли ишлар Шофиркон туманида таълим тизимини тубдан яхшилаш, ёшларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.








