Ҳудудда саноат корхоналари фаолияти ўрганилиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
2026-04-20 22:15:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда туман ҳокими томонидан “ГОЛДЕН ФАБРИC ТЕХТИЛЕ” МЧЖда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур корхона ип-калавадан мато (бўз) ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Зарафшон МФЙ ҳудудида жойлашган. Корхона раҳбари Султонов Улуғбек Фарходович бошқарувида фаолият юритиб келмоқда.
Ўрганиш жараёнида корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд инфратузилмаси ҳамда иқтисодий кўрсаткичлари атрофлича таҳлил қилинди. Корхона 1,9 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 6 миллион погона метр мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариш ҳажми қиймат жиҳатидан 60 миллиард сўмни ташкил этади. Бугунги кунда корхонада 55 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
2026-йилнинг январ-март ойларида корхона томонидан 2,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, омборда 210 минг погона метр тайёр маҳсулот қолдиғи мавжудлиги қайд этилди.
Туман ҳокими томонидан корхона раҳбарияти билан ўтказилган суҳбатда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Хусусан, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишда қийинчиликлар мавжудлиги, тайёр маҳсулотларнинг сотилмай қолаётгани асосий муаммо сифатида кўрсатиб ўтилди.
Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналарини республика ва халқаро даражадаги кўргазмаларда намойиш этиш, шунингдек, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан таклифлар илгари сурилди. Бу борада тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида қўшимча 2,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш ҳажмига эришиш, 5 та янги иш ўрни яратиш ҳамда бюджетга 80 миллион сўм миқдорида солиқ тушумларини таъминлаш режалаштирилган.
Мазкур ўрганиш ишлари ҳудудда саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим аҳамият касб этади.









