Шофиркон Рақамли технологиялар техникуми — замонавий касб эгаларини тайёрлаётган маскан
2026-04-19 13:35:00 / Янгиликлар

Техникумда 2025–2026 ўқув йилида бир қатор долзарб ва талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича таълим берилмоқда. Жумладан, автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, электромонтёрлик, тикувчилик, ахборот воситалари, бухгалтерия ҳисоби, компьютер инжeнеринг, дастурий инжeнеринг, пайвандлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги йўналишлари мавжуд. Шунингдек, дуал таълим тизими асосида ўқувчилар назарий билим билан бирга амалий кўникмаларни ҳам эгалламоқда.
Техникум ўз фаолияти давомида қатор ютуқларга эришган. Хусусан, жами 25 нафар талаба умумтаълим сертификатига эга бўлди. Бу эса ўқувчиларнинг билим даражаси ва ўқитиш сифати юқори эканидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, техникум биноси 2009-йилда реконструкция қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача қайта реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Шунга қарамай, таълим жараёнлари замон талаблари асосида ташкил этилиб келинмоқда.
Мазкур таълим муассасасига Солиев Баходир раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг бошқаруви остида техникумда ўқув жараёни билан бир қаторда амалиётга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, автомобилсозлик, электромонтёрлик, тикувчилик ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида амалий дарслар мунтазам ташкил этилади.
Техникумнинг бошқа касб-ҳунар мактабларидан асосий фарқи — ҳар бир йўналишда рақамлаштиришга устувор аҳамият берилиб, натижалар аниқ ва самарали кўрсаткичлар орқали баҳоланади.
Техникумда фаолият юритаётган тикув цехи ҳам эътиборга молик. Бу ерда 30 нафар ёш тикувчилик касбини ўрганмоқда. Устоз Равшанова Моҳичеҳра раҳбарлигида ўқувчилар нафақат касб сирларини ўзлаштирмоқда, балки ишлаб чиқариш жараёнида ҳам бевосита иштирок этмоқда.
Тикув цехида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб реализация қилинади. Жумладан, маҳсулотларнинг 20 фоизи маҳаллага, 80 фоизи эса туман тиббиёт бирлашмаси ва мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилади.
Цех фаолияти натижасида олинган даромад эса қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, хом ашё хариди ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлашга сарфланади. Бундан ташқари, тикув цехида 50 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, тикув машиналари айнан шу энергия манбаи орқали ишлайди. Бу эса маҳсулот таннархининг арзонлашишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, тикув цехи “Амиртекс” МЧЖ билан ҳамкорликда фаолият юритиб, ҳудуддаги талаб ва эҳтиёжларга мос равишда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Умуман олганда, Шофиркон Рақамли технологиялар техникуми нафақат билим берувчи маскан, балки ёшларни ҳаётга тайёрлайдиган, уларга мустаҳкам касб ва барқарор келажак сари йўл очиб бераётган муҳим таълим муассасаси ҳисобланади.





