Меҳнат ва ҳунар уйғунлиги: каштачилик орқали яратилаётган имкониятлар
2026-04-08 15:15:00 / Янгиликлар

Энг эътиборлиси, бугунги кунда Шаҳноза опа атрофида 100 нафарга яқин шогирд ва ишчилар жамланган. Улар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг 100 дан ортиқ тури хонадонда савдога тайёр ҳолда мавжуд. Ишчиларга эса ойлик маош уларнинг тайёрлаган маҳсулотига қараб тўланади, бу эса ҳар бир ҳунармандни янада самарали ишлашга ундайди.
Бу ерда фаолият юритаётганлардан бири – Норжона Очилова ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан, каштачилик нафақат ҳунар, балки қўшимча даромад манбаи эканини таъкидлайди. У яқинда уй-рўзғор юмушларидан ортиб, атиги 10 кун ичида тайёрлаган маҳсулотини 1 миллион 300 минг сўмга сотганини мамнуният билан айтади. Шунингдек, унинг қизлари ҳам ушбу ҳунарни эгаллаб, бири давлат ишида ишлашига қарамай, бўш вақтларида кашта тикиб, ойига 1,5 миллион сўмгача қўшимча даромад топмоқда.
Шаҳноза опа ўз меҳнати ортидан фарзандларини вояга етказиб, уларга таълим бериб келмоқда. Келгусида эса фарзандлари учун тўйлар қилиш ниятида эканини самимий ифодалайди.
Ушбу устахонада тайёрланаётган барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати асосида яратилади. Айниқса, уларга бериладиган ранглар табиий усуллар орқали олинади. Ипак қурти ипларидан тайёрланган калавалар пиёз, анор ва ёнғоқ пўстлоқлари қайнатилиб, ўзига хос рангларда бўялади. Бу эса маҳсулотларга нафақат гўзаллик, балки табиийлик ва қадимий анъаналар руҳини ҳам бағишлайди.








