Шофиркон тумани прокурори Фозилов Ҳамза Ҳакимовичнинг туман аҳолисига мурожаатномаси
2026-04-07 19:25:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган бундай тарихий шароитда қишлоқ, гузар ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамиз зиммасидаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам “Давлат ва халқ таянадиган асосий устун — қонун, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим эса ички ишлар соҳаси”, дея тизимга алоҳида эътибор қаратиб, бу соҳадаги ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик эканлигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарорининг жойларда мукаммал ижро этилиши натижасида маҳаллаларда жиноятчилик қарийб 1,5 бараварга камайди. Мазкур қарорнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 5-январ куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит, манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1 ҳамда “2026-йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2-сон қарорлари қабул қилинди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳудудлар ва маҳаллалар масъулларга аниқ бириктирилди.
Жорий йил 27-январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари қуйидагиларни таъкидлади: “Бугун давлат ва жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қиладиган тўртта йўналиш — уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, кибержиноят ҳамда яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чоралар белгилаш учун йиғилдик. Бу муаммоларнинг ҳар бири алоҳида хавфли, лекин уларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши янада жиддий таҳдидларни юзага келтиради. Бутун жамиятимиз билан мана шу тўртта йўналиш бўйича курашишимиз керак”.
2026-йил март ойи давомида туман ҳудудида жами 55 та жиноят содир этилди. Шундан 13 таси олди олиниши мумкин бўлган, 42 таси аниқланган жиноятлардир. Умуман олганда, жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 17 фоизга камайди. Бироқ айрим йўналишларда жиноятчилик салмоғи ошиб бормоқда.
Бугунги кунда кенг тарқалаётган ва алоҳида эҳтиёткорлик талаб этиладиган соҳалардан бири — интернет орқали содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарликдир. Ушбу жиноятлар фуқароларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб амалга оширилмоқда. “Ютуқ ютиб олдингиз”, “Пулингизни кўпайтириб берамиз”, “Тўйдан видео”, “МИБдан қарздорлик” каби сохта хабарлар ва АПК файлларга асло ишонманг. Фақатгина март ойининг ўзида ахборот технологиялари соҳасида 65 та жиноят содир этилган.
Шу сабабли қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз:
Телефон ва гаджетларингизга икки босқичли ҳимоя ўрнатинг;
Пластик карта ПИН-кодини бегоналарга берманг;
ПИН-кодни киритишда бегоналардан эҳтиёт бўлинг;
СМС-кодларни ҳеч кимга ошкор этманг;
Банк маълумотларини ижтимоий тармоқлар орқали юборманг;
Ўзини банк ходими деб таништирганларга ишонманг;
Шубҳали қўнғироқлар ва хабарларга алданманг.
Бундай ҳолатларга дуч келсангиз, дарҳол “112” рақамига мурожаат қилинг.
Яна бир долзарб муаммо — гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар. Бу иллат айниқса ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Афсуски, бундай жиноятлар бугунги кунда интернет орқали ҳам амалга оширилмоқда.
Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизнинг хулқ-атворидаги ўзгаришларга бефарқ бўлманг. Зарур ҳолларда мутахассислар ёрдамига мурожаат қилинг.
Шунингдек, фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан:
Хонадонларнинг қаровсиз қолдирилиши;
Сифациз қулфлардан фойдаланиш;
Транспорт воситаларини назорациз қолдириш;
Чорва молларнинг қаровсиз юриши;
каби ҳолатлар жиноят содир этилишига шароит яратмоқда.
Шу боис:
Хонадонларни қўриқлаш тизимига уланг;
Видеокузатув ўрнатинг;
Мол-мулкингизни эҳтиёт қилинг.
Ҳурматли фуқаролар! Агар сизда ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот бўлса, “102” рақамига мурожаат қилинг. Сизнинг хабарингиз оғир жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин.
Азиз тумандошлар! Барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик доимо ҳукм сурсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
