Расмий муносабат
2026-03-28 03:20:00 / Янгиликлар

Мазкур видеомурожаат аслида жорий йилнинг 16-март кунига тўғри келиб, унда Шофиркон тумани Маҳалла уюшмаси раҳбари Насилло Толибов томонидан маҳалла фаолларига мурожаат йўлланган. Унда маҳалла еттилиги аъзоларининг соат 19:30 да масофадан туриб, онлайн видеоалоқа орқали иштирок этишлари юзасидан эълон берилган.
Мазкур мулоқот Рамазон ҳайити олдидан ҳудудларда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш, масжидларда жамоат тартибини таъминлаш, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, шунингдек жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаймизки, ушбу жараён доирасида маҳалла еттилиги аъзолари туман ҳокимлиги биносига чақиртирилмаган, балки улар ўз яшаш жойларидан туриб онлайн тарзда иштирок этишган.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини инобатга олиб, келгусида бундай тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, маҳалла ва унда яшовчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш йўлида барча масъуллар зиммасига катта масъулият юклатилганини алоҳида қайд этамиз. Бу каби ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўйилмайди.
Шофиркон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
