Шофиркон тумани ҳокими Мўмин Амоновнинг байрам табриги
2026-03-20 23:20:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Президентимизнинг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, халқимиз ушбу улуғ байрамни “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонламоқда.
Айнан ана шундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланмоқда.
Қадрли тумандошлар!
Хабарингиз бор, кейинги йилларда туманимизда ҳам қурилиш-бунёдкорлик ишлари авж олмоқда.
Жумладан, жорий йилда марказий дехқон бозорини кенгайтириш ва янгича кўринишга келтириш, “Ёшлар маркази” биноси, бир вақтнинг ўзида 300 нафар болани қамраб оладиган “Ёшлар оромгоҳи”, автошохбекат, 1 та сув иншооти, 18 та умумтаълим мактабларини ва 9 та мактабгача таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, 5 та Оилавий шифоркорлик пункти, 2 та спорт объекти, 3 та маҳалла биносини қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Қадрли дўстлар!
2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис янгича руҳ ва мазмун касб этади.
Халқимиз эзгу анъаналарга содиқлик рамзи сифатида эълон қилинган “Яшил макон” ва “Яшил йиллик” умуммиллий ҳаракатида фаол қатнашмоқда.
Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандига атаб ерга ниҳол қадаган.
Наврўз деҳқончилик ишларининг қизғин бошланиш палласидир. Иқтисодиётимизнинг таянчи бўлган пахтачилик соҳасида эришилган муваффақиятларимизни янада кўпайтириш учун бу йил ҳам катта мақсадларни олдимизга қўйганмиз.
Ерга чигит тушадиган кунда нуроний отахонларимиз, тажрибали деҳқонлар пайкал бошида яхши ниятлар билан бу йилги ҳосилга дуои-фотиҳа берадилар.
Ғаллазорларимизда эртага дастурхонимизга ризқ бўлиб тушадиган, деҳқоннинг даромадини оширадиган буғдой парвариши ҳам сифатли олиб борилмоқда.
Азиз тадбир иштирокчилари!
Жамиятимизда юксак маънавий муҳитни қарор топтириш, бутун дунёда кечаётган глобал ўзгаришлар даврида халқимизнинг азалий қадриятларини асраб-авайлаш зарурлигини бу йилги Наврўз айёмида ҳам ҳар биримиз яна бир карра чуқур ҳис қиляпмиз.
Яна бир бор Шофиркон аҳлини, қадрли меҳмонларимизни эртанги қутлуғ айём “Наврўз” байрами қолайверса “Рамазон Ҳайити” байрами билан муборакбод этиб, хонадонларингиздан файз-барака аримаслигини, мустаҳкам соғлиқ ва хуш кайфият ҳамиша ҳамроҳингиз бўлишини тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин!
