Шофиркон тумани: Ҳашар — бирлик ва эзгулик рамзи: Шофирконда умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда ўтди
2026-03-14 21:45:00 / Янгиликлар

Ҳашар давомида тумандаги 49 та маҳаллада аҳоли вакиллари уюшқоқлик билан қатнашиб, атроф-муҳитни ободонлаштириш, кўча ва ариқларни тозалаш, дарахт экиш ҳамда жамоат масканларини тартибга келтириш ишларини амалга оширдилар. Мазкур хайрли тадбирларда 10 минг 359 нафар фуқаро, шундан 4 минг 850 нафар ёшлар фаол иштирок этди.
Ободонлаштириш ишлари натижасида 107 гектар майдон тартибга келтирилди, 63 километр ариқ ва лотоклар тозаланди. Ҳудудлардан 73 тоннага яқин қурилиш чиқиндилари чиқарилиб, 7 минг 129 туп дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 94 дона техника воситалари жалб этилди.
Ҳашар ёрдамида қазилган ва бетонлаштирилган ариқлар ҳисобидан 584 та хонадоннинг суғориш тизими яхшиланиб, аҳолининг томорқа ва боғ-рўғларидан самарали фойдаланиши учун қулай шароит яратилди.
Ҳашар давомида ижтимоий аҳамиятга эга объектларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 45 та қабристон, 7 та зиёратгоҳ, 139 та кўча тартибга келтирилди. Бундан ташқари, 44 та болалар майдончалари таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Эзгу ишлар нафақат ободонлаштириш билан чекланиб қолмади. Маҳаллаларда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик анъаналари ҳам давом эттирилди. Жумладан, хасталик ва бетоблик сабабли уйида ётган 60 нафардан ортиқ фуқаролар хонадонларига имом-хатиблар бошчилигида ноиблар ташриф буюриб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди ҳамда ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, қаровсиз қолган нуронийларимиз хонадонларида ҳам ҳашар уюштирилиб, 5 та хонадон тозаланиб, уларнинг кундалик юмушларига кўмаклашилди, меҳр ва эътибор кўрсатилди. Бу каби хайрли ишлар ҳашар кунларининг инсонпарварлик руҳини янада ёрқин намоён этди.
Хусусан, Навбаҳор маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам аҳоли томонидан катта кўтаринкилик билан олиб борилди. Кўчалар тозаланди, ариқлар тартибга келтирилди, ҳудудлар ободонлаштирилиб, маҳалла янада файзли ва шинам масканга айланди.
Бундай эзгу ташаббуслар халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги ва юрт равнақи йўлида бирлашиб ҳаракат қилишини яна бир бор намоён этади. Зеро, обод маҳалла — обод юрт пойдеворидир.










