3,5 минг гектар ер тақдири: Шофиркон насос стансияларида ўрганиш ўтказилди
2026-03-09 23:40:00 / Янгиликлар

Ўрганиш давомида тумандаги Ҳайдаробод, Читгарон, Қоратепа, Дўрман ва Қаҳрамон насос стансияларининг фаолияти кўздан кечирилди. Мазкур насос стансиялари орқали 3 минг 500 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги майдонларини сув билан таъминлаш имконияти мавжуд.
Ўрганишнинг биринчи манзили “Ҳайдаробод” насос стансияси бўлди. Мазкур стансия Аму–Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос стансиялари ва энергетика бошқармаси тасарруфида фаолият юритади. Стансия 2013-йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳа “Бухоромелиёлойиҳа” ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.
Насос стансиясида 3 та насос агрегати мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 330 кВтни ташкил этади. Сув чиқариш қуввати 1,5 м³/секунд бўлиб, стансия орқали 1800 гектар қишлоқ хўжалиги майдонларига хизмат кўрсатилади. Насос маркаси А50–ГО–0,5/10, сув кўтариш баландлиги 6 метрни ташкил этади.
Кейинги манзил “Читгарон” насос стансияси бўлди. Ушбу стансия ҳудуддаги суғориладиган ерларни сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Насос стансияси 2017-йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳа “Уздавсувлойиҳа” институти томонидан ишлаб чиқилган.
Мазкур стансияда 2 та насос агрегати ўрнатилган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 220 кВтни ташкил этади. Сув чиқариш қуввати 1,0 м³/секунд бўлиб, стансия орқали 350 гектар қишлоқ хўжалиги ерларига сув етказиб берилади. Насос маркаси Д2000–21, сув кўтариш баландлиги 6,20 метрни ташкил этади.
Навбатдаги ўрганиш манзили Қоратепа насос стансияси бўлди. Ушбу иншоот ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги майдонларини сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Насос стансияси орқали фермер хўжаликлари ва деҳқонларнинг суғориш суви билан таъминланиши йўлга қўйилган.
Мутасаддилар томонидан стансиянинг техник ҳолати, насос агрегатларининг ишлаш жараёни ҳамда сув етказиб бериш тизими батафсил кўздан кечирилди. Масъулларга насос стансияларининг барқарор ишлашини таъминлаш, техник хизмат кўрсатишни кучайтириш ҳамда мавсум давомида узлуксиз фаолият юритиши юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ўрганиш давомида Дўрман ва Қаҳрамон насос стансиялари ҳам кўздан кечирилди. Ушбу насос стансиялари ҳам ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги майдонларини суғориш суви билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Туман ҳокими томонидан барча насос стансияларининг мавсумга тайёрлиги, техник жиҳозларнинг созлиги ва эҳтиёт чораларининг кўрилиши алоҳида назорат қилинди. Шу билан бирга, насос стансияларининг ҳар қандай фавқулодда вазиятга тайёр туриши, носозликларнинг олдини олиш ҳамда сув таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Мазкур ўрганишлар қишлоқ хўжалиги мавсумида фермер хўжаликларини сув билан барқарор таъминлаш ҳамда ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилади.









