Шофирконда 9 миллиардлик улкан сув лойиҳаси: 3640 та хонадонга тоза ичимлик суви етиб боради
2026-03-07 21:20:00 / Янгиликлар

Ана шундай лойиҳалардан бири Шофиркон тумани Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилмоқда. Мазкур ҳудудда қарор асосида 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига йирик ичимлик суви иншооти қурилиши олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида 18 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилмоқда ҳамда 1000 куб метр ҳажмга эга сув захира иншооти барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари “Ғиждувон Зарангари Қурилиш ИТҚТ” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Мазкур сув иншооти фойдаланишга топширилгач, тумандаги 4 та маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Жумладан Пахтаобод , Пашмон, Тезгузар, Бобоҳайдар маҳаллаларидаги жами 3640 та хонадон марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган.
Қурилиш жараёнларини ўрганиш, ишларнинг техник жиҳатдан сифатли ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида масъуллар томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда Шофиркон тумани ҳокими Мўмин Амонов, туман прокурори Ҳамза Фозилов, туман ИИБ бошлиғи Рустам Юсупов, туман ҳокими ўринбосари Рухиддин Ғафуров, БЛАОГ гуруҳи Бухоро ва Навоий координатори У. Жўраев, инфратузилма мутахассислари, ККЛ ходимлари, ЯБҲИК ДУК техник назоратчиси ҳамда пудрат ташкилоти раҳбарлари иштирок этди.
Ўрганиш жараёнида қурилиш ишларининг бориши, лойиҳа талаблари, техник меъёрларга риоя қилиниши ва сифат масалалари атрофлича кўздан кечирилиб, масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудуд аҳолиси учун муҳим муаммо бўлиб келган ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланиб, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.









