Шофирконда таълимнинг янги манбаи: “Маърифат чашмаси” иқтидорли ёшлар масканига айланмоқда
2026-03-06 00:10:00 / Янгиликлар

Шофиркон туманида таълим сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда бугун Шофиркон туман ҳокими Мўмин Амонов томонидан туманда фаолият юритаётган “Маърифат чашмаси” нодавлат таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди.
Мазкур таълим маскани 2021-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда муассасага Барноев Жасурбек Бахтиёрович раҳбарлик қилиб келмоқда. Айни пайтда марказда 170 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Таълим жараёни босқичма-босқич йўлга қўйилган бўлиб, 1–4-синфларда рус тили йўналишида, 5–11-синфларда эса ўзбек тили йўналишида таълим берилмоқда. Муассасада 26 нафар ўқитувчи фаолият олиб боради. Уларнинг 5 нафари олий тоифали, 5 нафари биринчи тоифали, 12 нафари иккинчи тоифали, 4 нафари мутахассис ўқитувчилардир. Энг эътиборлиси, ўқитувчиларнинг барчаси ўз йўналишлари бўйича миллий сертификатларга эга.
Таълим масканининг ютуқлари ҳам эътиборга молик. Жумладан, ўтган йили 13 нафар битирувчининг барчаси нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган, улардан 2 нафари имтиҳонларсиз тўғридан-тўғри йўлланма асосида талабаликка қабул қилинган.
Жорий йилда эса 10 нафар битирувчи мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси миллий сертификатларга эга. Шунингдек, 6 нафар ўқувчи тўғридан-тўғри олий таълим муассасаларига кириш учун йўлланмаларни қўлга киритган.
Муассаса ўқувчилари фан олимпиадалари ва турли танловларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, табиий фанлар йўналиши бўйича Ал-Хоразмий олимпиадасининг туман босқичида муваффақиятли иштирок этиб, вилоят босқичига йўлланмаларни қўлга киритган.
Шунингдек, ўқувчилар индивидуал ютуқларга ҳам эришмоқда. Жумладан:
7-синф ўқувчиси Бўронов Жавлон табиий фанлар йўналишида юқори натижаларга эришган;
8-синф ўқувчиси Зайниддинова Паризода инглиз тили фанидан Б2 даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритган;
10-синф ўқувчиси Субхонова Мадина эса САТ йўналиши бўйича 1200 балл тўплаб, халқаро сертификатга эга бўлган.
Мазкур таълим маскани тасарруфида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фаолият юритади. Унда 4 та гуруҳда рус ва ўзбек йўналишларида 100 нафар болажон тарбияланмоқда. Тарбияланувчилар учун ментал арифметика, чет тиллари, спорт йўналишида шахмат ва шашка тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасасида бошланғич тайёрлов гуруҳлари ҳам фаолият юритиб келмоқда.
Ташриф давомида Шофиркон туман ҳокими Мўмин Амонов муассасада яратилган шароитлар, таълим жараёни ҳамда ўқувчилар эришаётган натижалар билан яқиндан танишди. Шунингдек, таълим маркази раҳбари Жасурбек Барноев билан таълим сифатини янада ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги режалар юзасидан мулоқот ўтказилди.
Бугунги кунда “Маърифат чашмаси” нодавлат таълим ташкилоти Шофиркон тумани миқёсида ўз ўрнига эга, салоҳиятли ва натижадор таълим маскани сифатида эътироф этилмоқда.









