Таълим сифатини ошириш йўлида: Шофиркон туман ҳокими мактаб фаолияти билан танишди
2026-03-05 22:00:00 / Янгиликлар

Навбатдаги манзил Шофиркон туман 2-сон умумтаълим мактаби бўлди. Мазкур мактаб 1984-йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда таълим муассасасига директор Шарипова Роҳат Зокировна раҳбарлик қилиб келмоқда.
Бугунги кунда мактабда 881 нафар ўқувчига 61 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Педагоглар таркиби малакали мутахассислардан иборат бўлиб, улардан 15 нафари олий тоифали, 21 нафари биринчи тоифали, 13 нафари иккинчи тоифали ўқитувчилардир.
Шунингдек, мактабда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган тажрибали устозлар — Эргашев Асрор Ашурович, Хайдарова Хурсанд Субхоновна, Бейсенбиева Мадина Кажмухановна ҳамда Имомова Малоҳат Маҳмудовна фаолият олиб бормоқда.
Айни пайтда мактабда 57 нафар битирувчи синф ўқувчилари таҳсил олмоқда. Уларнинг 14 нафари инглиз тили бўйича Б2 ҳамда C1 даражадаги халқаро сертификатларга эга. Бундан ташқари, математика, рус тили, кимё, биология ва тарих фанлари бўйича 15 нафар ўқувчи турли сертификатларни қўлга киритган.
Таълим сифатини ошириш мақсадида мактабда хорижий мутахассис ҳам фаолият юритмоқда. Жумладан, Филиппин давлатидан ташриф буюрган инглиз тили ўқитувчиси Марй Флор Адвент Суарез-Гансит 2025-йил 16-декабрдан буён ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бериб келмоқда.
Мактаб педагоглари турли кўрик-танловларда фаол қатнашиб, мактаб, туман ва вилоят миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Улар кўплаб диплом ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Шу билан бирга, ўқувчилар ҳам фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, туман ҳамда вилоят босқичларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Ташриф давомида Шофиркон туман ҳокими Мўмин Амонов мактабда яратилган шароитлар, таълим жараёни ҳамда малакали устозлар томонидан ўқувчи ёшларга берилаётган билимлар билан яқиндан танишди.
Учрашув якунида таълим сифатини янада ошириш, ўқувчиларнинг билим салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.





