Шофиркон тажрибаси: Бир хонадонда беш даромад манбаи ва замонавий тадбиркорлик бўйича амалий семинар
2026-02-17 18:55:00 / Янгиликлар

Унда маҳалла еттилиги, ҳудуднинг хотин-қизлари иштирок этди.
Хусусан, Гулсанам Раҳматова хонадони бугун ўзига хос "кўп тармоқли кластер"ни эслатади.
Миллий қадриятларни даромад манбаига айлантирган хонадон бекалари бу йўналишда ҳам ўз маҳоратларини кўрсатмоқдалар.
Калифорния, Янги Зеландия ва Гигант зотли 100 дан ортиқ қуёнлар парваришланмоқда, 150 та асалари оиласидан йилига 2 тоннадан зиёд маҳсулот олинмоқда, 7 бош сигир ҳамда 25 сотих томорқадаги мўл ҳосил оиланинг йиллик даромадини 150–200 миллион сўмга етказмоқда.
Ташриф доирасида фақат ўрганиш эмас, балки амалий тажриба алмашишга ҳам алоҳида урғу берилди. Мазкур маҳалла ҳудудида қуёнчилик фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда олма ва анор етиштириш орқали юқори даромад олиш мавзуси махсус ўқув семинар марказида бўлди.
Семинарда соҳа мутахассислари томонидан анор ва олма кўчатларини парваришлашнинг замонавий усуллари, экспортбоп маҳсулот етиштириш сирлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу каби ўқувлар қишлоқ аёллари учун нафақат билим, балки янги тадбиркорлик ғояларини шакллантиришда муҳим туртки бўлди.
Шунингдек, Гулсода Тўраева каби 25 йиллик тажрибага эга тикувчиларнинг фаолияти билан танишиш жараёнида "устоз-шогирд" анъанаси асосида 100 дан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани юқори баҳоланди. Унинг қуроқчилик санъати ва имтиёзли кредит орқали кенгайган тикувчилик цехи маҳалланинг ўсиш нуқталаридан бири сифатида қайд этилди.
Зулайҳо Маҳкамова мулоқот сўнгида таъкидлаганидек, Шофиркон тажрибаси — бу меҳнацеварлик ва давлат томонидан берилаётган имкониятларнинг гўзал уйғунлигидир. Бундай хонадонлар нафақат ўз оиласини, балки бутун маҳаллани фаровонликка етаклайди.







